23 June 2011
21:11 - Брюсселдаги Алишер Навоий институтининг сири очилди, “Бирлик”га қарши кураш янги даражага чиқарилмоқда
Шу йил 30 май куни тожик аслли ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси Суҳроб Исмоилов тарафидан тарқатилган бир хабарни эълон қилгандик. Хабарда шу пайтгача ҳеч бир ерда номи чиқмаган, аммо Брюсселда жойлашгани иддао этилаётган қандайдир Алишер Навоий институтинг “Халқаро Комиссия билан ҳамкорлик қилиш ва унинг тавсияларини бажариш – Қирғизистон раҳбарияти учун ўз обрўсини сақлаб қолишнинг йўлларидан биридир” номли баёнот берилган эди. Баёнотда Қирғизистон ҳукуматини Халқаро Мустақил Комиссия таклифларини бажаришга, бу ишга ўзбек диаспораси раҳбарларини жалб этишга чақирилган.

Баёнот умуман олганда тўғри ёзилган. Аммо, ҳаётда баёнот кимга оид эканлиги ҳам муҳим роль ўйнайди. Алишер Навоий институти эса ҳеч ким билмайдиган ташкилот, демак, бундай баёнотнинг ҳеч қандай амалий натижаси бўлмаслиги аввалдан равшан эди.

Ўтган куни Ўзбекистон телеканалларидан бирида “Изтироб” номли фильм намойиш этилгани, унда Қирғизистон жанубидаги ўзбекларнинг қирғин қилиниши Ўзбекистон халқига биринчи марта кўрсатилгани, бу фильм Алишер Навоий Институти томонидан тайёрлангани ҳам титрларда кўрсатилганини билдиргандик.

Кеча Тошкентдаги мухбирларимиз билан боғланган Ўзбекистоннинг расмий телеканалларидан бирининг ходими бу фильм уларнинг студиясида МХХ одамлари томонидан монтаж қилингани, энди бу фильм Алишер Навоий Институти номи билан боғланаётгани ҳаммани ҳайрон қолдирганини айтди.

Бу номи улуғ институт собиқ бирликчилар ака-ука Дилшод ва Дилмурод Олтинхўжаевлар номига Бельгияда рўйхатдан ўтказилган нотижорат, ноҳукумат ташкилоти бўлиб чиққани ҳам ҳайрон қоларли факт, чунки, улар бир неча йиллардан бери Брюсселда яшашларига қарамасдан, ҳеч қандай фаолият олиб бормаганлари маълум. Энди улар икки кишилик ташкилот тузиб, қисқа вақт ичида оламшумул ишлар қилишга улгуришибди.

Бунинг устига шу кунларда шу ака-уканинг атрофидан 10 июнь куни Тошкентдаги Қирғизистон элчихонаси олдида пикет ўтказиш учун улар Суҳроб Исмоиловга Қирғизистондаги ўзбек диаспораси лидерларидан бир неча ўн минг доллар пул олиб беришгани, пикет шу пулга уюштирилганини ҳақида гаплар тарқатилмоқда. Қолаверса, Алишер Навоий Институти орқасида Қирғизистондаги ўзбек диаспорасига лидерлик қиламан деб, ўзбекларни қонга судраган ўзбеклар тургани ҳозир ҳаммага маълум бўлиб қолди.

Хуллас, ўртада ўзбек халқининг тарихида қоладиган иккита воқеа бор. Биринчиси, “Бирлик“ ва “Эзгулик” фаолларининг Тошкентда ўтказилган 10 июндаги пикети. Иккинчиси, Қирғизистонда ўзбекларнинг қирғин қилинишига хоинларча кўз юмиб келаётган Ўзбекистон раҳбарияти, асосан, “Бирлик”нинг босимлари остида, биринчи марта Қирғизистондаги қонли воқеаларни Ўзбекистонда намойиш қилишга йўл бериши.

Айни замонда, бу иккала воқеани ҳам Брюсселдаги шубҳали Алишер Навоий институтига боғланиши ҳар қандай одамни ўйлантириб қўяди. Бу воқеалар яхшироқ ўрганилиб, чуқурроқ анализ қилиниши керак. Аммо, бир нарса шубҳасизки, Ўзбекистон ҳукумати, бир тарафдан, “Бирлик”нинг айтилаётган масалалар бўйича тарихий ролини бекитишга уринмоқда, иккинчи тарафдан, ўзбекларнинг қирғинига кўз юмиб бўлмайдиган вазият юзага келганини расман тан олишни истамасдан турли ўйинлар қилмоқда.

Қирғизистондаги ўзбек диаспорасининг лидери бўлишга иддао қилаётганлар ҳам шу ўйинлар ичида борга ўхшайди. Улар ўйламасдан қилган ишлари билан ўзбеклар қирғинига йўл очиб беришгани ва миллат олдида жиноят қилишганини унутишган шекилли, яна ўша эскича ўйинларга киришмоқда, Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бериб, “Бирлик”ни камситишга уринишмоқда. Ичимиздан чиққан хоинлар бир вақтлар “Бирлик”нинг озодлик истаб қилган митингларини “кўча чангитиш” деб ҳақорат қилган бўлса, булар “Бирлик”нинг пикетини пулга қилинган тадбир деб кўрсатмоқчи. Улар иккинчи марта ҳасса йўқотмоқчиларми, ажабо?

Қирғизистондаги воқеалардан кейин ўзбек миллати миллат деб аталиш ҳаққини йўқотиш арафасига келди. Миллатимизнинг тақдири турли иккиюзламачиликларга асосланган яширин ўйинлар билан ҳал қилинадиган аҳволда эмас. Бу масалада принципиал ва ошкоралик руҳидаги йўллар танланиши, шу руҳда иш олиб борилиши керак. “Бирлик” шундай қилмоқда, унинг фаолиятини миллатнинг хоинлари ёрдамида секинлаштириш мумкиндир, аммо ҳеч ким тўхтатолмайди.