11 May 2011
01:21 - “Эзгулик” ўз фаолининг тақдиридан хавотирда
Бекободдаги 64/21-колонияда сақланаётган “Эзгулик” фаоли Абдурасул Худойназаровга “Ўзингни ўлдир!” дейишмоқда экан. Бу ҳақдаги маълумотни маҳкумнинг хотини Гулчеҳра Туронова эридан, у билан учрашганда олибди. Гулчеҳранинг айтишича, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш Бош бошқармаси тизимидаги 64/21-муассасада сақланаётган Абдурасул Худойназаров негадир 28-31 март кунлари Бекобод шаҳар ИИБга олиб келинибди. Унинг ёнига махсус киритилган маҳкум Санжар Исмоилов шундоғам иродаси йил сайин дарз кетиб бораётган “Эзгулик” фаолига бу ердан тирик чиқмаслигини, ўзини ўлдирса яхши бўлишини қайта-қайта маслаҳат берибди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик), 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 227-модда (Ҳужжатларни сохталаштириш) айблари билан 2006 йилнинг 26 июнида ҳибсга олинган ва 12.01.2006 йилда 9,6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Абдурасул Худойназаров 2008 йилнинг 12 июнида жазо карцерига ташланган, унга нисбатан носинсоний қийноқлар қўлланилган. Оқибатда ўша йилнинг 1 сенятбрь куни ўз жонига қасд қилди ва бахтли тасодиф туфайлигина ўлим чангалидан қутулиб қолди. Унга нисбатан амнистия актлари қўлланилмади, мунтазам “муассаса тартибини бузган”лар рўйхатидан туширилмади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти таъкидича, Худойназаровнинг айни кундаги ҳаёти хавф остида, боиси “биродар” лақабли маҳкум Санжар Исмоиловнинг унга бераётган маслаҳатлари ортида Абдурасул қарши курашган коррупцион халқа ва бир тўда жиноятчиларнинг манфаатлари яширин бўлса ажабмас.

Жамият бу ҳолат бўйича ИИВнинг Жазони ижро этиш Бош бошқармаси маъмуриятидан изоҳ талаб қилган. Бош прокуратурани прокурорлик чоралари қўллашга чақирган.

Релизнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб сайтида — www.ezgulik.org