04 May 2011
02:19 - Сирдарёда Турсунбек Тўразода иши юзасидан маҳкама давом этмоқда
Бугун жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судида А. Шерқўзиев раислигида журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Турсунбек Тўразода устидан олиб борилаётган маҳкама давом этди. Судда кузатувчи сифатида иштирок этган мухбирларимизга кўра, суд мажлисида жабрланувчиларнинг кўрсатмалари тингланди. Дастлаб 200 минг сўм билан журналистни шу йилнинг 6 февралида ИИБ органларига тутиб берган Фурқат Қурбоновнинг кўрсатмаси тингланди. Икки марта фирибгарлик билан судланган бу шахс тергов ва суриштирувлар давомида бошқача, суд тергови даврида бошқа кўрсатмалар берди. Берган пулларини журналистнинг қариндошларидан қайтариб олган Фурқат Қурбонов ҳуқуқ ҳимоячиси ўзини ҳимоя қлганини тан олди.

Иккинчи жабрланувчи Умарали Назарматов ўзининг ноқонуний ишларини ёзмаслик шарти билан Маҳмуд Сулаймонов орқали 30 000 сўм (12 АҚШ доллари — Ҳаракат) сўм бергани, лекин пулнинг Турсунқул Остонақуловга етиб бормаганни айтди. Яна бир неча шахслар эса ҳуқуқ ҳимоячисининг ўғлини уйлантириш тўйига ароқ ва гўшт маҳсулотлари тўёна қилганини таъкидлашди. Бироқ бирор конкрет шахс ҳуқуқ ҳимоячисининг товламачилик йўли билан пул олганини исбатлаб бера олмади.

Эслатиб ўтамиз, Турсунбек Тўразода муқаддам “Озодлик” радиоси мухбири, сўнгра Шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси аъзоси сифатида фаолият юритган. Қамалиши арафасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятига аъзо бўлган.