26 April 2011
22:47 - Ўзбек мухолифатининг аҳмоқлари рус коммунисти Лимонов билан бир сафда боришмоқчи
31 кунлик ойларнинг 31-чи куни Россия Конституциясининг йиғилишлар эркинлиги ҳақидаги 31-чи моддасини ҳимоя қилиб, Москва марказида митинглар ўтказишга ҳаракат қилган ва маълум маънода муваффақият қозонган гуруҳнинг раҳбарларидан бири Эдуард Лимонов ҳозир тақиқланган Миллий-большевистик партиянинг раиси эди. Энди у партия номини “Бошқа Россия” деб ўзгартирган ҳолда норасмий шаклда фаолият олиб бормоқда.

Маълум бўлишича, сўнгги даврда Эдуард Лимонов ҳокимиятга қаршилик кўрсатишни, митинглардан воз кечмаган ҳолда, бир маҳаллар Маҳатма Ганди таклиф қилган йўл билан амалга оширишни ўйлай бошлабди. Унинг мақсади – Россия фуқароларини сайловларда қатнашмасликка, ҳокимият органларининг фаолиятида иштирок этмасликка, давлат банкларига пул қўймаслик ва солиқ тўламасликка чақириш. Бир оғиз сўз билан айтсак, ҳокимиятга бўйсинмасликка чақириш.

Кўриниб турибдики, ўзбек мухолифати ичидаги аҳмоқлардан бир-икки йил аввал тузилган “Бирдамлик” ҳаракати ва шу кунларда тузилаётган Ўзбекистон халқ ҳаракати, моҳиятан, Лимонов таклиф қилган йўлни танлашган. Мақсад – аҳолини ҳокимиятга бўйсунмасликка, ҳокимиятга зўравонликсиз қаршилик кўрсатишга чақириш.

Лимонов ҳам ўзбекнинг “ҳаракатчилари” ҳам бир саволга жавоб қидиришни унутишибди: Оммавий электон хабар воситалари орқали мияси мунтазам ювилиб турган аҳолини қайси йўл билан ҳокимиятга бўйсунмасликка, ҳокимиятга зўравонликсиз қаршилик кўрсатишга жалб қилиш мумкин? Жавоб аниқ – анъанавий йўллар билан мумкин эмас.

Демак, ҳеч ким кутмаган, ҳокимиятнинг ўзи ҳам кутмаган кураш йўлларини топиш, шу йўллар билан ҳокимиятни мағлубиятга учратиш керак. Замонавий политехнологиялар ёрдамида бундай йўлларни топиш мумкин ва керак.