25 April 2011
02:50 - Сафдошлар Қўқонда Ҳамдам Сулаймонни зиёрат қилишди
Бугун “Бирлик” Партиясининг водий вилоятлари бўйича лидери Ҳамдам Сулаймонни зиёрат қилиш учун партия Бош котиби, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова, “Эзгулик” фаоли Абдураҳмон Ташанов ва “Бирлик” Партиясининг Сирдарё вилоят ташкилоти раиси Исроил Ризаев унинг хонадонига келишди. Хонадон соҳибаси Матлубахон меҳмонларни очиқ чеҳра билан қаршиларкан, бироз муқаддам ўткир ишемик инсульт билан оғриган Ҳамдам Сулаймоннинг ўзи сафдошлар олдига юриб чиқиши ҳаммани тўлқинлантириб юборди. Боиси бирмунча жиддий дард билан оғриган “Бирлик”чининг аҳволи кутилганидан кўра анчайин тетик, ҳамкасби – партиянинг Фарғона вилоят ташкилоти раиси Адҳам Муҳиддиновнинг таъбирича, бу унинг иродаси билан ҳам боғлиқ.

Сафдошлар узоқ чақчақлашишди, Вашингтонда Абдураҳим Пўлат хонадонидан яқиндагина келган Васила Иноятова партия раисининг сафдош дўстига тилакларини етказди. “Раисимиз шу йилнинг май ойига белгиланган партия Марказий Кенгаши мажлисини ўтказиш ташкилий гуруҳига Сизни раҳбар қилиб тайинлади, шунинг учун тезроқ тузалинг” дея ҳазиллашди Васила Иноятова. Ўртада самимий кулгу кўтарилди.