23 April 2011
08:30 - Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимов ҳам масхарабозлигини кўрсатди
Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг хабарларида Ислом Каримдан бошқа одамнинг номи тилга олинмаслиги устидан кўп марта кулгандик. Балки, оммавий ахборот воситаларимиз тўғри қилишар. Чунки, уларнинг номи тилга олиниб, айтган гаплари хабарларда берилса, масхарабозлиги билиниб қолар.

Кеча ЎзА агантлиги Тошкентда бошланган “Ўзбекистонда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш концепцияси” номли халқаро конференция ҳақида хабар берар экан, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Рустам Азимовнининг исмини Ислом Каримнинг табрик мактубини ўқиб берувчи одам сифатидагина эслатиб ўтади. Гўёки ҳукуматдан мустақил ҳисобланадиган uzreport.com сайти Рустам Азимов ўша конференцияда “Иқтисодиёт ва жамиятни ислоҳ қилишнинг ўзбек модели – барқарор ва динамик юксалиш йўли” номли маъруза ҳам қилгани ва бу маърузанинг баъзи жойларини тилга олиши биланоқ, истар-истамас, у одамнининг масхарабозлигини кўрсатишга бошлабди.

Мана бир мисол. Рустам Азимов ўз нутқида Ўзбекистоннинг олтин-валюта заҳиралари кейинги 5 йил ичида 6 (!!) марта ошганини айтибди. Заҳираларнинг абсолют миқдори айтилмаган бўлса, 6 марта ошишни гапиришнинг нима маъноси бор? Балки, заҳираларимиз 5 йил аввал $1 млн эди, энди $6 млн бўлди. Ҳақиқатда, ўсиш олти марта бўлади. Шундай ўсиш оқишланиши керакми?

Кечаги хабарларимиздан бирида Россиянинг халқаро заҳиралари (олтин-валюта заҳираларини ҳозир шундай деб аташади) $600 млд эканлигини, бу рақам сўнгги 2 йилда кризис туфайли тахминан 1/3 га тушиб-чиққанини ёзгандик. Табиий, Россия Ўзбекистон эмас. Лекин заҳираларимизнинг миқдорини билишимиз керак-ку!

Иккинчи мисол. Рустам Азимов давлатимизнинг бюджети 2005 йилдан бери дефицит эмас, профицит билан бажарилаётган балансга эга эканлигини билан мақтанибди. Айни замонда Молия вазири ҳам бўлган Рустам Азимов жуда катта дефицитли бюджетга эга бўлган мамлакатларда ҳаёт Ўзбекистондан яхши эканлигини ҳам билмасмикан?

Учинчи мисол. Унинг Ўзбекистонда сўмниинг инфляцияси йилига 7-8 фоиздан ошмайди, деган сўзларига конференция қатнашчилари ҳам кулишган бўлса керак.