21 April 2011
21:00 - Россиянинг халқаро заҳиралари нефть нархи билан бирга ортмоқда
“Ҳаракат”нинг аввалги хабарларидан ҳам маълумки, дунё молиявий инқирози бошланмаган ва нефтнинг нархи юқори бўлган 2008 йилнинг ёз ойларида Россиянинг халқаро заҳиралари (олтин-валюта заҳираларини ҳозир шундай деб аташади) 600 миллиард доллар атрофида эди. Инқироз бошлангач, заҳиралар камая бошлади ва 2009 йилнинг бошида 396 миллиардга тушди.

Ўшандан бери Россиянинг халқаро заҳиралари ҳақида расмий хабарларни кузатмаган эдик, дейди мухбиримиз. Аммо, бугун бу мамлакатнинг Марказий Банки эълон қилишича, шу йил 8 апрелдан 15 апрелгача бўлган даврда халқаро заҳиралар $508,4 миллиарддан $512,8 миллиардга чиққан.

Шундай қилиб, Россиянинг халқаро заҳиралари 2008 йилнинг апрель ойидаги даражасига етибди. Рекорд 2008 йилнинг 8 август куни $598,1 млрд бўлган экан.

Бироқ, халқаро заҳираларнинг ортиб боришидан Россия раҳбарларининг боши, 2008 йилнинг биринчи ярмида бўлгани каби, айланиб қолаётгани йўқ. Чунки, сўнгги йилларнинг тажрибаси кўрсатдики, русларнинг заҳираларини қиймати Россия ҳукумдорлари юритаётган сиёсатнинг муваффақиятли ёки аксинча муваффақиятсизлигига эмас, тамомийла Ғарбдаги жараёнларга ва нефтнинг нархига боғлиқ. Яъни, Россия ҳали ҳам ривожланган мамлакатлар даражасига чиқолмаган.