06 April 2011
01:49 - ЮСАИД раҳбари ҳам мамлакатимизнинг лўттибоз Омбудсмени билан учрашди
Бугун Ўзбекистон тарафидан тарқатилган расмий хабарларда айтилишича, АҚШнинг дунё мамлакатларга иқтисодий ва инсоний масалаларда ёрдам бериш билан шуғулланадиган ЮСАИД (United States Agency for International Development – USAID) ташкилотнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Ж. Пеннел Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сайёра Рашидова қабулида бўлибди. Энг муҳими, ҳукуматнинг масхарабози бўлган бу аёлнинг мамлакатда инсон ҳуқуқларига оид лофларини эшитибди ва ҳатто унга бу борадаги фикрлари учун миннатдорчилик билдирибди.

Албатта, кўп марта айтилганидек, ўзбек демократлари Ғарбнинг Ўзбекистон билан доимий мулоқоти ва мамлакатимизни демократик дунёга интеграция қилиш тарафдорларидир. Лекин мулоқот фақат олинган ахборот учун миннатдорчилик бўлмасдан, Ўзбекистондаги мавжуд аҳвол тўғрисида танқид, камчиликларни тузатиш йўллари ва Ўзбекистоннинг халқаро ва икки тарафлама шартномалар доирасидаги мажбуриятларини эслатиш бўлиши керак.

Дарвоқе, балки айнан шундай бўлгандир, аммо ўзбек матбуоти бундай “иккинчи даражали” нарсаларни ёритмайди, холос.