17 March 2011
03:30 - “Эзгулик” жамияти HRW офисининг ёпилишини қоралайди (Пресс-релиз №12, 16.03.2010)
Хьюман Райтс Уотч (Human Rights Wathch) ташкилотининг Ўзбекистон ваколатхонаси ёпилиши кўпчилик жамоат ташкилотлари, халқаро ҳамжамият қатори Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолларини чуқур таассуфга солди. Бинобарин, Ўзбекистондаги ваколатхона бир қанча вақтдан бери турли сабабларга кўра фаолият юритмаётганига қарамай ҳуқуқ ҳимоячиларининг мустаҳкам истеҳкомларидан бири сифатида мамлакатда инсон ҳуқуқлари келажагига бўлган умидни ифодалар эди.

Дунёга машҳур бу ташкилотнинг кеча тарқатган баёнотида таъкидланишича, Ўзбекистон Адлия вазирлиги мамлакат Олий судига ташкилот фаолиятини тугатиш билан боғлиқ даъво ариза киритган ва, аввалдан тахминлаш мумкинки, мамлакат ҳукуматининг сиёсий қарорларини қонунлаштириб берадиган суд органи даъвони рад қилмайди ва амалда Хьюман Райтс Уотч (Human Rights Wathch) мамлакатимиздаги фаолияти ниҳоясига етди.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакат Парламенти қўшма мажлисида “Мамлакатда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти барпо қилиш” ҳақидаги концепциал маърузасида нодавлат, ноҳукумат ташкилотларининг эркинлиги кафолатига урғу берилган, уларнинг фаолияти қўллаб-қувватланганди. Бу эса барчамизнинг кўнглимизда умид уйғотган, мамлакат ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасида туб бурилишлар қилади, деган эҳтимолни ўйлашга ундаганди. Таассуфки, бу умидларнинг рўё экани ойдинлашмоқда.

Эҳтимол, ташкилот ваколатхонасининг ёпилишидан сиёсий сабаблар қидираётган HRW вакили Steve Swerdlow ҳақдир: “Ўзбекистон Афғонистондаги урушда борган сари кўпроқ стратегик рол ўйнамоқда. Зотан Афғонистондаги халқаро қўшинга таъминот моллари айнан Ўзбекистон ҳудудидан ўтмоқда. Айни шу боис¸ Ўзбекистонда ҳарбий базага эга Германия¸ ўз юкларини Шимолий таъминот тармоғи орқали Афғонистонга юбораëтган НАТО¸ АҚШ¸ ЕИ Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларини борган сари қуюқлаштирмоқда”. Ташкилот ижрочи директори Kenneth Roth ўз баёнотида: “Human Rights Watchни ҳайдаш орқали Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари борасидаги ўз ҳатти-ҳаракатларининг танқидий кузатилишига тоқат қилмаслигини очиқ-ойдин кўрсатди” деган. Биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу дашномларга муносиб эмаслигини амалда исботлашини, Адлия қарорининг суд йўли билан қонунлаштирилмаслигини истардик.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Хьюман Райтс Уотч (Human Rights Wathch) ташкилотининг Ўзбекистон ваколатхонаси ёпилишини қоралайди. Ўзбекистон ҳукумати, Олий суди ва Парламентини мазкур ҳуқуқ ҳимоячи ташкилотининг ваколатхонасини сақлаб қолиш юзасидан оқилона қарорга келишга чақиради.