09 March 2011
03:52 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Ўз ТВда яна тафтиш бошланди”
Хабарингиз бор, икки исёнкор журналист М. Эшонқулова ва С. Амоновалар ўз раҳбарларининг молиявий ўғирликлари, маҳаллийчилиги, таъмагарлиги хусусида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятида матбуот анжумани ўтказишганларидан кейин ҳам ЎзМТРКда аҳвол ўнгланмади. Ниҳоят бу икки журналист аёл Бош вазир ўринбосари А. Арипов, ЎзМТРК раиси А. Хаджаев ва “Ёшлар” телерадиоканали директори Х. Нуриддиновларнинг истеъфосини сўраб Мустақиллик майдонида норзилик пикети ўтказишгач, вазият ўнгланиш ўрнига, аксинча, ТВ раҳбарларининг қўллари баланд келди. Улар икки “ўзбошимча” ходимни ишдан ҳайдашга эришган эдилар.

ЎзМТРКдаги манбаанинг хабар беришича, гарчи “аризабоз” ҳамкасблари ноҳақ ишдан ҳайдалиб кетган бўлишига қарамасдан, ҳамон ТВ остонасидан прокуратура ходимлари-ю тафтишчилар ариган эмас. Шу йилнинг бошиданоқ ЎзМТРКни, айниқса, бир эмас, икки исёнкор журналистга бешик бўлган “Ёшлар” телеканалини ғалвирдан ўтказиш илинжида янгидан янги текширувчи-ю, ревизорлар ташриф буюришган эди. “Енг шимариб иш бошлаган бу шоввозлар бурганинг кўзини кўрадиганлар хилидан чиқиб қолди”, дейди ЎзМТРКдаги манба. Унинг гувоҳлигича, айни кунларда “Ёшлар” телеканалининг барча хоналарини, ҳатто бош диреткор Нуриддиновнинг қароргоҳини ҳам Сирғали туманидаги машҳур мебель корхонасидан келтирилган турли туман офис жиҳозлари – мебеллар босиб кетган эмиш.

Гап шундаки, тафтишчиларнинг аниқлашлашларича, телеканални янги мебеллар билан жиҳозлаш мақсадида беш йил давомида номаълум ҳисоб рақамларига миллиард-миллард маблағлар кўчирган. Чиқим бору, кирим – яъни маблағ эвазига олинган мебиллар, офиз жиҳозлари ҳам, унинг телеканалга ҳақиқтадан ҳам келтирилганлигини исботловчи далиллар-қоғозлар ҳам йўқ.

“Бироқ, директоримиз Нуриддинов ниҳоятда устамон чиқиб қолди”, дейди ТВдаги манба, “Бу каби молиявий ўғирликлари фош бўлса, жиноий жавобгарликка тортилиши муқаррар эканлигини яхши билган Хайрулла Нуриддинов ўмарганларининг ўрнини тўлдириш илинжида, хато устига хато, жиноят устига жиноят содир этмоқда. Гап шундаки, у ўз гуруҳидаги 20-30 нафар “одамлари”га - яъни, ўзининг ишончига кирган ходимларга ишласа-ишламаса бир ярим, икки миллионлаб ойлик маоши ёзиб олишни, ТВ маблағини шу йўл билан ўзлаштиришни янада авж олдириб юборди. Энг қизиғи, Нуриддиновнинг “одамлари” шу икки миллон олган ойлик маошлари ҳисобидан Сирғалидаги мебель ишлаб чиқариш корхонаси дўконларидан офисимиз учун керакли жиҳолар ва мебиллар сотиб олиб, ишхонага келтиришмоқда”. ЎзМТРКдаги ҳамкасбимизнинг таъкидлашича, “Ёшлар” телеканалига керакли мебилларни сотиб олиб келтираётган Хайрулланинг икки миллонлаб ойлик олган “одамлари” харидларини ўзларининг пластик карточкалари орқали амалга оширишган.

Манбаанинг фикрича, агар прокуратура ходимлари ва тафтишчилар ҳақиқатдан ҳам ТВдаги жиноятларни ҳаспўшлаш, ёпди-ёпди қилиш илинжида эмас, фош этиш истагида бўлса, бир зўр бериб текширув ўтказишса, маҳоратларини ишга солишса бўлгани. Чунки энг асосийси, бу молиявий ўғирликлардан пластик карточкалар орқали “жиноят изи” қолган. Икки миллонлар ойлик маошини олаётган бир эмас, икки эмас, бира йўла, 20-30-, қўйингчи, 50 нафар ТВ ходимининг айнан бир манзилдан, бир вақтнинг ўзида мебиль харид қилишларининг ўзи шубҳали эмасми? Қолганлари эса тафтишчиларнинг маҳоратига боғлиқ ҳолос. Бизнинг ақлимиз етган нарсага, ҳуқуқ илмини сув қилиб ичган мутахассисларнинг ҳам ақллари етса кераг-ов” дейди ҳамкасбимиз.

(Мазкур мактуб таҳрирсиз чоп этилмоқда, хат матни сайтимизнинг хабар жўнатиш қисми орқали юборилган — Ҳаракат)