03 March 2011
02:17 - Жаҳон Банки Сирдарёда тоза ичимлик суви учун кредит ажратди
Жаҳон Банки директорлар кенгашининг қарорига кўра, кеча Сирдарё вилоятининг 340 000 кишилик аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасидаги лойиҳа учун 88 миллион АҚШ долари миқдорида кредит ажратилди. Агар лойиҳа муваффақиятли якунланса, сирдарёликларнинг тенг ярими тоза ичимлик сувига эга бўлади. Қолган ярими эса одатдагидек турмуш тарзига чидашга мажбур, дейди мухиримиз.

Жаҳон Банкининг мазкур саъй-ҳаракатидан айниқса сўнгги йилларда тоза ичимлик суви масаласида ҳам маҳаллий раҳбарлар билан курашиб келаётган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти вилоят бўлими фаоллари хурсанд. Айни пайтда, уларнинг эътирофича, Жаҳон Банки мазкур лойиҳа бажарилишини қаттиқ назоратга олиши лозим. Аксинча, вилоятда бир неча миллиардларни ҳазм қилиб юборишга қодир ошқозонга эга корчалонлар сув учун ажратилган маблағни ҳам ўзлаштириб юборадилар.