28 February 2011
00:43 - Ливияда Вақтли ҳукуматнинг раиси сайланди, 100 минг одам мамлакатдан қочди, Тунисда беқарорлик давом этмоқда, биз Ўзбекистоннинг келажагини ўйлашимиз керак
Ливиянинг Бенгази шаҳрида собиқ Адлия вазири Муҳаммад Абу Ажлейл ташаббуси билан қурилган Вақтли ҳукуматнинг раиси этиб, Муҳаммад Абу Ажлейлнинг ўзи аталганини билдирган ахборот воситалари бу аталишнинг аниқ номини ҳам билмадилар – у тайинландими, тайинланса, ким тарафидан тайинланган ёки сайландими, ким тарафидан сайланган, деган саволларга жавоб йўқ. Демак, мамлакатнинг келажагига асос бўладиган легитимлик йўқ. Мамлакатда легитимликни қўйиб туринг, барқарорлик ҳам йўқлиги сабабли одамлар чет элга қочмоқда. Шу кунгача 100 мингдан ортиқ ливиялик мамлакатини тарк этган.

Легитимлик ва барқарорлик йўқлиги, буроз аввал халқ қўзғоланининг ғалабаси билан тугуган Тунисда ҳам ўз меваларини бермоқда. У ерда бор-йўғи бир неча кун аввал тайинланган янги Бош вазири Муҳаммад Ганнушига қарши намойишлар ҳам бошланиб бўлди. Уни эски режим билан ҳамкорлик қилишда айлашмоқда. Бугун Муҳаммад Ганнуши истеъфога кетишга мажбур бўлди.

Мисрда ҳам воқеалар нима билан тугаши ҳали номаълум.

Кўриниб турибдики, диктаторларни йиқитишдан ҳам кўпроқ, янги режим яратиш қийин. Айнан шу масалани тўғри тушунган “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат бир қатор мақолаларида “Асосий мақсадимиз Ислом Каримни ағдариш эмас, Ўзбекистонни замонавий давлатга айлантириш, ўзбекларнинг йўқ бўлаётган мавқеларини тиклаш, халқнинг фаровонлигини таъминлаш. Мавжуд режимини ўзгартириш - шу мақсадлар йўлидаги муҳим, аммо биттагина қадам”, деб ёзганди.