21 February 2011
13:37 - Арабча масхарабозлик: Муаммар Каддафининг ўғли халққа мурожаат қилди
Бу ҳақда хабар берган ахборот воситалари Ливия диктаторининг ўғли Сейф ал-Ислом ким сифатида халққа мурожаат қилганини айтишмайди. Ҳар ҳолда, Ливиябоши-2 сифатида бўлса керак.

Сейф ал-Ислом жорийдаги ҳокимият хатолар ҳам қилганини тан олиб, халқни бирлашишга, мамлакат муаммоларини биргаликда ҳал этишга чақирган. Ва ҳатто, Муаамар Каддафи ҳам мамлакатда конституция бўлиши кераклигини хоҳлаётганини, эртага Умумхалқ Конгресси йиғилиб, либерал ислоҳотларни муҳокама қилишга бошлашини айтибди.

Унинг фикрича, тартибсизликлар тўхтатилмаса, кланлар асосига қурилган мамлакат парчаланиши мумкин. Шу сабабли ҳамма эҳтиёт бўлиши, норозилик чиқишларини тўхтатилиши керак. Oдил Муаммар Каддафи раҳбарлигида ҳамма муаммолар ҳал этилади.

Лекин, унинг халққа берган сигнали аниқ: Биз, яъни Каддафилар, ўз ҳокимиятимиз учун охиригача курашамиз. Ливияни йўқотмаймиз. Биз Ливияда яшаяпмиз, Ливияда ўламиз.