21 February 2011
21:50 - Михаил Горбачевга Путин ва Медведевнинг манманлиги ёқмапти, аммо ўзининг ножиддийлиги ҳам қизиқ
Узоқ йиллардан бери Путинни номигагина танқид қилиш одатини чиқарган собиқ СССР президенти Михаил Горбачев “Свобода” радиосига берган интревьюсида яна шундай қилибди.

Масалан, 2012 йилда бўладиган президент сайловлари ҳақида у шундай дейди: “Менга Путин ва Медведевнинг бу масала бўйича ўзларини тутиши ёқмайди. Менимча, Путиннинг биз Медведев билан ўтириб, ким президентликка бориши ҳақида келишиб оламиз, дейиши нокамтаринликдир. Бу манманликдир... Нима, бошқалар сайланолмайдими?”

Горбачев Путиннинг демократияни бўғишга қаратилган сиёсатини у янги президенликка ўтирган йиллари жиддий танқид қилса эди, Россиянинг тарихи бошқача бўлиши мумкин эди. Ҳозирги танқиди, бунинг устига хомаки танқиди, Путинни ҳеч ҳам қўрқитмайди. Агар у буни истаса, Горбачевнинг юқоридаги сўзларига жавоб бериб, Горбачевнинг ўзини ножиддийликда айблаши мумкин. Чунки, Путиннинг гапларини маъносига кўра, у Медведев билан ким президентликка номзод бўлиши ҳақида келишмоқчи. Унинг бунга ҳаққи бор. Кейин сайловлар бўлади. Яна бир қатор одамларга номзод бўлиш имкони ҳам яратилади. Аммо, нодемократик шаклда ўтиши аниқ бўлган сайловларнинг натижаси ҳам аниқ – Путиннинг ўзи ёки у айтган одам президент бўлади

Горбачоев шуларни гапириши ва Россиядаги тузумнинг реакцион моҳиятини ишонарли қилиб тушунтириб бериши керак эди. У эса, кўча-кўйда бекорчи одамлар гапирадиган нарсаларни қайтармоқда. Минг афсуски, унинг интервьюси шундай "танқидлар" билан тўла.