21 February 2011
04:20 - Россия столга мушт урди, Ҳамид Карзай орқага чекиндими?
Жаҳоннинг оммавий ахборот воситалари АҚШ Афғонистонда доимий ҳарбий базалар яратиш бўйича бу мамлакат раҳбарлари билан музокара олиб борётганини билдиришгандан кейин, Россиянинг жаҳли чиқибди. Бу – отдан тушса ҳам, эгардан тушишни истамаётган русларнинг ҳақиқий юзини кўрсатадиган воқеадир.

Чунки, илдизлари Афғонистонда бўлган Ислом экстремизми ва наркотиклар оқимидан қўрқаётган Россия сўнгги ойларда ўз позициясини кескин ўзгартириб, АҚШ ва НАТО кучларига ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини очиқча гапиришга бошлаган эди. Қирғизистондаги америкаликларнинг Манас базасига кўз юмаган руслар, ҳозир Хонобод базасини ҳам америкаликларга қайтариб беришга ҳозирланмоқдалар.

Шундай шароитда, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров АҚШнинг Афғонистондаги доимий базалари хусусида айтган “Бундай базаларнинг нима кераги бор, агар Афғонистонда террор хавфи битадиган бўлса” маънодаги гапларини тушуниш қийин. Афғонистонда террор хавфи ҳам наркотиклар хавфи ҳам ҳали-бери битмаслигини тушунмайдими русларнинг вазири?

Аммо, русларнинг шу гапи ҳам Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга тегиб кетибди. У дарҳол баёнот бериб, АҚШнинг ҳарбий базалари ҳақидаги қарор мамлакат парламенти тарафидан тасдиқланиши керак, яъни бу иш тезда битмайди, деган маънода Сергей Лавровга жавоб берибди.

Аслида, Ҳамид Карзайнинг баёноти руслар олдида чекиниш эмас, шунчаки, русларнинг ҳоврини босиб қўйишга қаратилган қадам. Қолаверса, Ислом экстремизмининг хавфи камаймаётганидан, биринчи навбатда, унинг ўзи хавотирда бўлиши керак. Америкалариклардан доимий база яратишни сўраётган ҳам унинг ўзи бўлса, ажаб эмас.

Афғонистонда терроризм хавфи камаймаётганини кўрсатадиган яна бир воқеа кеча Ҳанархор вилоятининг маркази Жалолободда юз берди. Қуролланган толиблар гуруҳи шаҳар марказида жойлашган Қобулбанк офисига ҳужум қилишди, беш ўлимчи–террорист ўз-ўзини портлатиши натижасида, бу ерга ойлик маошини олиш учун келган миршаблардан ва ўз шахсий иши билан банкка келган тасодифий одамлардан 40 киши ҳалок бўлди, 70 киши ярадор бўлди.