10 February 2011
02:16 - “Эзгулик” фаоли Турсунбек Тўразода ҳибсга олинган
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг бугун тарқатган 6-сонли пресс-релизида билдирилишича, жамиятнинг Тошкент вилояти бўлими фаоли, журналист Турсунбек Тўразода (Турсунқул Остонақулов) Сирдарё вилояти Сирдарё тумани ИИБ томонидан 7 февралда ҳибсга олинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, журналист товламачиликда айбланмоқда. Уни ҳибсга олиш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари пухта ҳозирлик кўришган, ҳибс жараёнини Сирдарё вилояти телерадиокомпанияси вакиллари тасвирга олишган. Тахмин қилиш мумкинки, эрта-индин бу оператив тасвирлар вилоят телеканаллари орқали намойиш этилади, товламачиликда айбланаётган шахсдан жабр кўрганларни ҳам бу намойишларда иштирок этишади.

Жамиятнинг 2010 йил 27 августдаги 25-сонли релизида журналист Турсун Бек Тўразодага нисбатан ҳуқуни муҳофаза қилиш органлари томонидан амалга оширилган қўлга олиш операцияси унинг ҳушёрлиги туфайли амалга ошмай қолгани, яъни Жиззах вилоятининг Даштобод шаҳрида яшовчи фуқаролар Абубакр Алимов ва Насиба Эгамбердиевалар воситасидаги бу жараён Сирдарё вилояти ИИБ терророризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси ходими Ҳусан Ҳалимов бошчилигида уюштирилгани ҳақида хабар қилинганди. Бироқ орадан ярим йил ўтиб, бу ҳодиса барибир уюштирилибди. Жамият фаолларида ҳодиса тафсилотига доир тўлиқ маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас.

Ҳуқуқ ҳимоячиси 2001-03 йилларда “Озодлик” радиосининг Ўзбекистон бюросида мухбир, 2003-04 йилларда “Ҳуррият” газетасида махсус мухбир, 2004-06 йилларда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими фаоли, 2006-2010 йилларда Халқаро инсон ҳуқуқлари Қўмитаси Сирдарё вилояти бўлими раиси ва сўнгги ойлардан Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Тошкент вилояти бўлимида фаолият олиб борган.

Жамият Турсунбек Тўразоданинг ҳимояси учун суриштирувлар олиб бормоқда, мамлакатнинг турли ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаатлар тайёрлаган.

Релизнинг тўлиқ матни жамиятнинг расмий веб-сайтида — www.ezgulik.org