10 February 2011
01:45 - Ўзбекистон ТВ журналистларининг иши судда кўрилиши мумкин
Эртага фуқаролик ишлари бўйича Шайхонтоҳур туманлараро суди Ўзбекистон телерадикомпанияси Ёшлар телеканалининг икки журналисти Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амоноваларнинг ишга тиклаш ҳақидаги даъво аризаси устидан маҳкама очиши мумкин. Аксинча, иш фуқаролик суди судьяларининг аксарияти таътилда экани муносабати билан маҳкамани фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судига кўчириши ҳам мумкин. Бу ҳақда мухбирларимизга Шайхонтоҳур тумани суди канцелария бўлими ходими маълум қилди.

Журналистлар Малоҳат Эшонқулова ҳамда Саодат Амонова Ёшлар телеканали тизимидаги коррупция, маҳаллийчилик ва талон-тарожлик ҳақида қарийб ярим йилдан бериб бонг уриб келмоқда. Улар бирмунча муқаддам Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти офисида пресс-конференция уюштиришди, Мустақиллик майдонига норозилик намойиши билан чиқишди. Шундан сўнг телерадиокомпания маъмурияти уларни ҳеч бир асоссиз ишдан бўшатган эди.