24 January 2011
02:17 - Ўзбеклар нуқтаи назаридан Россияга нима бўлди? У Эрондан юз ўгириб Афғонистонга кирмоқчими ёки АҚШ олдида тиз чўкмоқчи? Ўзбекистончи?
Бугун жаҳон ахборот агентликлари сўнгги ойларда Эрон билан унинг ядровий программаси бўйича мулоқот қилаётган “Олтилик” (АҚШ, Франция, Буюкбритания, Германия, Россия ва Хитой) Истанбулда олиб борилган музокаралар фойдасиз битганини эълон қилди. Reuters агентлиги ЕИниннг Ташқи ишлар ва хавфсизлик бўйича Бош комиссари Кэтрин Эштоннинг “Янги музокаралар вақти номаълум, аммо мулоқот эшиклари доим очиқ” деган сўзларини келтиради.

Ҳозир ҳамма биладики, Эрон ядровий қурол яратиш устида ишламоқда, Ғарб бунга йўл бермоқчи эмас. Аммо, шу пайтгача Эроннинг асосий ҳамкори ва ҳимоячиси бўлган Россия тўсатдан йўналишини ўзгартириб, бу масалаларда Ғарб билан бирга бўлиб қолгани шубҳалидир.

Айни замонда, охирги кунларда Москвага расмий ташриф доирасида келган Афғонистон президенти Ҳамид Карзай билан учрашувлар пайтида Россия президенти Дмитрий Медведев Афғонистондаги муаммоларни ҳал этишда Россия фаолл иштирок этмоқчи эканлигини қайта-қайта таъкидлаши диққатга сазоқор.

Кўриниб турибдики, Россия Ғарб билан конфронтация қилиш ўрнига у билан мулоқот ва ҳатто ҳамкорлик қилиш йўлини танламоқда. Табиий, бу - Россиянинг ички ишидир.

Шундай бўлса, бу воқеаларга сайтимизда жой ажратишнинг ўзи тушунарсиз бўларди. Аммо, ҳамма гап шундаки, тамомийла Москванинг, тўғрироғи, Лубянканинг одами бўлган президентимиз Ислом Карим ҳам ўлиб-қутилиб Ғарб билан алоқаларни тиклаш йўлига ўтмоқда.

Унинг эртага бошланадиган Брюссель сафарининг мақсади, Лубянканинг топшириғи билан албатта, Ғарб билан алоқаларни тиклаш йўлидаги навбатдаги қадамдан бошқа нарса эмас. Ғарб билан алоқаларнинг тикланишидан тўғри фойдаланиш Ўзбекистон демократик мухолифатининг вазифаси. Хўш, Ўзбекистон мухолифати, унинг асосий кучи “Бирлик” Партияси юзага келаётган янги вазиятдан тўғри фойдаланоладими? Мана бу асосий савол.

Бу партия лидери Абдураҳим Пўлатга кўра, “Бирлик” бундан тўла фойдаланади, 2001-2003 йиллари АҚШ-Ўзбекисон алоқаларининг яхшиланишида бўлгани каби.