25 December 2010
07:28 - Нурсултон Назарбойнинг президентлик ваколатлари 2020 йилгача узатилди
Тўғрисини айтса, узатилди эмас, узатилади. Чунки, ўтган куни, яъни 23 декабрда Уст-Каменогорск шаҳрида Олжас Сулаймоннинг ҳам иштирокида тузилган “Президент ваколатларини узатиш мақсадида референдум ўтказиш бўйича Ташаббус гуруҳи” шуни истамоқда. Демак, шундай бўлиши шубҳасиз.

Қозоғистоннинг 14 вилоятидан келган 850 кишининг иштирокидаги йиғилишда 320 кишилик Ташуббус гуруҳи сайланди ва кеча унинг номидан Марказий Сайлов Комиссиясига ариза ҳам топширилди. Мамлакат Конституциясига кўра, Ташаббус гуруҳи ўз мақасадини қўллаб-қувватлайдиган 200 минг кишинининг имзосини тўплаши керак. Нурсултон Назарбойнинг халқ ичидаги обрўсини ҳисобга олсак, бунча имзо зудлик билан тўпланади ва тахминларга кўра, келаси йилнинг март ойида референдум ўтказилиб, Миллий лидер Нурсултон Назарбойнинг ваколатлари 2020 йилнинг 6 декабригача узатилади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон қонунларига кўра, мамлакатнинг биринчи президенти учун неча марта президент бўлиш ҳақида чегара йўқ. Нурсултон Назарбой бўлажак сайловларда ғолиб чиқиши ҳам шубҳасиз. Аммо, лаганбардорларининг мақсади – бу йил 70 ёшга кирган Нурсултон Назарбойнинг сайлов ташвишларисиз курсисида қолишини таъминлаш.

Нурсултон Назарбой 1991 йил 1 декабрдаги биринчи умумхалқ президент сайловида 98,7 % овоз олган. 1995 йили унинг ваколатлари 2000 йилгача референдум орқали узатилган. 1999 ва 2005 йиллардаги сайловларда унга овоз берганларнинг фоизи 79,78 ва 91,15 бўлган.

Машҳур ўзбек ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор ўтган асрнинг 60-чи йиллари бошида Ҳиндистонга бориб келгандан кейин, ўзига яқин одамларга “мустамлакачи масаласида ҳам омадимиз йўқ халқ эканмиз”, деганини айтишади. Ҳозирга аҳволимизни бошқалар, хусусан, қозоқлар билан солиштириб, диктатор масаласида ҳам омадсизлигимизни тан олиш керакка ўхшайди, дейди мухбиримиз.