17 December 2010
04:27 - Россия йўлида давом этади: Путин ҳақиқий хўжайин, Медведев қўғирчоқлигича қолади
Сўнгги ойларда Россия президенти Дмитрий Медведав ўзини ҳақиқий давлат раҳбари каби кўрсатишга урингани, Россияда сиёсий турғунлик вужудга келаётганини айтиб, сиёсий ислоҳотлар қилишга имо-ишоралар қилгани кўпчлик тарафидан бу мамлакатда демократик йўналишда қандайдир ўзгаришлар бўлишига умид сифатида қабул қилинганди.

Аммо бугун Владимир Путиннинг россияликлар билан телевидение орқали ўтказган тўғридан-тўғри мулоқоти давомида айтган гаплари, айни замонда, президент Дмитрий Медведевнинг қўли остида ишласа ҳам, аслида, Путиннинг одами ва ҳатто унинг бош идеологи бўлган Владимир Сурковнинг бугун “Известия” газетасида эълон қилинган интервьюси очиқча кўрсатдики, Россияда ҳеч нарса ўзгармаган, яқин орада ўзгармайди. Россиянинг хўжайини ва янаги президенти Путиннинг ўзи бўлади, авторитар режимни мустаҳкамлаш давом этади, жамиятни либераллаштириш ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Бундай хулоса қилиш учун асос шундан иборатки, Путин ҳам Сурков ҳам демократик мухолифатни ҳақоратлашдан ҳам тоймасдан, демократларнинг фаолиятига ҳеч қандай йўл берилмаслигини очиқча гапиришган. Масалан, Владимир Путин Россия демократик мухолифатининг лидерлари, яқинда янги партия томи остида бирлашган Михаил Касьянов, Борис Немцов, Владимир Рижков ва Владимир Миловларни 1990-чи йилларда давлат-халқ мулкини талаб, ўз чўнтакларини тўлдиришда айблади, “агар уларга яна ҳокимиятга келишга имкон берилса, улар Россияни ҳам сотиб тамомлайдилар” дейишгача борди.

Хуллас, Россия йўлида давом этаверади, Путин хўжайинлигича, Медведев қўғирчоқлигича қолаверади. Қолаверса, бу ўйинларнинг ҳаммаси Сурковнинг сценарийси билан, Путин ва Медведевларнинг розилиги ва иштирокида ўйналган бўлса керак.

Яна қолаверса, Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпцияси ҳақидаги нутқлари ҳам Сурковнинг сценарийси доирасида қилинган бўлса ажаб эмас.