20 July 2006
03:00 - 23:00 - Ўзбекистонда кети узилмас суд жараёнлари 19:00 - Ёрлиқлар алмашинди. Энди Ўзбекистон - Россия вассали - Fалла мустақиллиги ва кераксиз мақтаниш
23:00 - Ўзбекистонда кети узилмас суд жараёнлари

“Эзгулик” жамиятнинг 26 июндаги пресс-релизида эзгуликчи, бирликчи, “Бирлик” Партияси Марказий Кенгашининг аъзоси Мамаражаб Назаров милиция тарафидан ушлангани хабар қилинганди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят ташкилоти раиси Баҳтиёр Ҳамроевнинг билдиришича, бугун бирликчи устидан ҳукм ўқилган ва унга 3,5 йил эркин колонияда яшаш жазоси белгиланган. Суднинг тафсилотларини кейинги хабарларимизда билдирамиз.

Айни пайтда, Мурод Жқраев устидан ҳам суд давом этмоқда. Бунга оид аввалги маълумотлар “Эзгулик”нинг пресс-релизларида бор (улар билан танишиш учун 4, 11, 14 июлдаги хабаларимизни кўринг). Суднинг биринчи мажлиси 17 июлда колония ичида бўлгани сабабли, Мурод Жўраевнинг жамоатчи ҳимоячиси, “Эзгулик” раиси Васила Иноят у ерга яна киритилмаган. Мурод Жўраев бунга норозилик билдириб гапиришдан воз кечса-да, унинг авдокати Суҳроб Исмоилов бундай қаршилик кўрсатиш фойдасиз эканлигини тушунтирган ва суд бошланган. Айблов бўйича гувоҳлар, уларнинг ҳаммаси колония ҳизматчилари, бир бирига зид ва мантиқсиз кўрсатмалар бериша бошлашгач, ҳатто айбловчи ҳам кулиб юборган. Шундай бўлишига қарамасдан, суд тамомийла айблов руҳида бормоқда, Мурод Жўраевнинг қамоқ муддатини яна 3-5 йилга оширишлари аниққа ўхшамоқда.

19:00 - Ёрлиқлар алмашинди. Энди Ўзбекистон - Россия вассали

Кеча Ўзбекистон Ташки ишлар вазирлигида унинг янги раҳбари Владимир Норов ва Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Фарид Мухамедшин иштирокида Россия билан Ўзбекистон ўртасида Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартномани тасдиқлаш ёрлиқлари алмашинди. Шу билан Ўзбекистонни Россия вассалига айлантириш йўлидаги ҳаракатларга охирги нуқта қўйилиб, шартнома кучга кирди.

“Шартноманинг кучга кириши стратегик манфаатларимиз нуқтаи назаридан Россиянинг Ўзбекистонда, шунингдек, Марказий Осиё минтақасида ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий нуфузи узоқ муддатга жиддий кучайишига кўмаклашади“, - дея рўй-рост эътироф этилади Россия элчихонасининг матбуот учун баёнотида.

Fалла мустақиллиги ва кераксиз мақтаниш

Бу йил Ўзбекистон деҳқонлари 6 млн. 100 минг тоннадан зиёд галла етиштирдилар. Шу муносабат билан бугун президент Каримов улар номига ўз табрикномасини эълон қилдирди. Табрикномада республиканинг галла мустақиллигига эришганию бу борада деҳқон ва фермерларнинг азму шижоати мақталади.

Лекин қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг тажрибакор мутахассислари бундай мақтов ва мақтанишларда етарли асос кўрмаяптилар. Уларга кўра, Ўзбекистонда 6 млн. тонна ғалла деб зўр бериш нотўғри. Бир маҳаллар асосан пахтага урғу бериб, унинг монокультураси ўрнатилгани каби, энди маятникни иккинчи томонга сурабериш ҳам тўғри бўлмайди. Ҳамма нарсада посонгили ҳаракат қилиш зарур. Агар деҳқонларга адолатли ҳақ тўланса, дехконларга учун пахтани етиштириш ҳам иқтисодий фойда келтирган бўларди. Боз устига, иссиқ иқлимда сифатли ун берувчи қаттиқ буғдой етиштириб бўлмайди. Шунинг учун республикамиз новвойлари ва уй бекалари, қиммат бўлса-да, қаттиқ буғдойдан қилинган Қозоғистон унини афзал кўришлари бежиз эмас. Катта талаб бўлгани учун бу унни турли (кўпинча хуфя) йўллар билан Қозоғистондан юз минг тонналаб олиб келиш давом этмоқда.

Бинобарин, мутахассисларнинг тасдиқлашларича, бир томондан, пахтазорларга ажратилган майдонларнинг Ўзбекистон учун оптимал даражасини топиб, пахта экспортинининг самарадорлигини ошириш (пахта монокультурасига қайтиш ҳақида гап бормаяпти), иккинчи томондан, Ўзбекистонга керакли кондициядаги буғдой ва унни ошкора импорт қилиш - маъқул йўл.