19 July 2006
03:00 - 22:00 - “Ижодкор” 53-54-чилар ўз дўстини сотдилар 20:00 - Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси - Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш билан боғлик асъаса-дабдабалар
(Бугунги хабарлар хакерларнинг сайтимизга навбатдаги ҳужуми туфайли кўрсатилган вақтдан бироз кечроқ қўйилган)


22:00 - “Ижодкор” 53-54-чилар ўз дўстини сотдилар

Бундан бир неча кунгина илгари “Қочқинликдаги ўзбек ижодкорлари уюшмаси”нинг биринчи қадамларига баҳо берган Абдураҳим Пўлат бу ташкилотнинг орқасида ғоя бўлмагани учун узоққа боролмаслиги, ўз миллатини коммунистларган сотган 53-54 лақабли Салой Мадаминовни мадҳ қилиш билан овора эканликлари эса, ўзларининг ҳам маънавиятлари заифлигини кўрсатаётганини асос қилиб, “улар ҳам ҳамма нарсани сотишга тайёру харидор чиқмаётгандек кўринади”, деб ёзган эди сайтимизда. Балки, Абдураҳим Пўлатнинг ўзи ҳам башоратлари бу қадар тез кўзга кўринишини ўйламаган бўлса керак.

Шу кунларда бу “ижодкор” 53-54-чилардан уч сиёсий қочқин Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожонов ва Юсуф Расул харидор топиб, кечаги дўстлари ва сафдошлари, ўзлари билан қочоқ сифатида Бишкекдан Швецияга келган Ҳайит Қўзиевни сотиб кетишибди. Бу мунофиқалар “дўст ва сафдош” тушунчасига ҳам тупуришган.

Ўзларини журналист ҳам ҳисоблайдиган бу уч шоввоз фергана.ру сайтининг мухбири Алексей Волосевичга ўзбек режимининг даҳшатли босимлари туфайли бу ерга қочиб келганлари, бу ерда ҳам ватан ғами билан яшаётганларини рангли суратдек чизиб берар эканлар, гапларига қуйидагиларни ҳам қўшишибди: “Андижон воқеаларини баҳона қилиб Швецияга келиб олган номардлар ҳам бор. Улардан бири Ҳайит Қўзиев. Сиёсий ишларга мутлақо алоқаси йўқ. Бу ерга келиб олгач, пулли ҳожатхоналардан фойдаланмаслик ҳисобига пул тўплаш билан ҳам шуғулланади”.

Ҳайит Қўзиев шундан номардлардан бўлса ҳам унинг пулли ҳожатхоналардан фойдаланмаслик ҳисобига пул тўплашини оғизга олиш қанчалик тубанлик эканлигини ҳам, фергана.ру сайтининг пасткашлигини ҳам қўйиб турайликда, Ҳайит Қўзиевнинг шахсига эътибор берайлик. У ким ўзи?

Ҳайит Қўзиев “Бирлик” Партиясининг Поп туман ташкилоти раиси. У “Бирлик”га у халқ ҳаракати бўлиб тузилган йилларда кирган. 1992-94 йиллари бутун мухолифатга қарши хужум бошланганда у ҳам ўз насибасини етарлича олган. Кейинчалик, “Бирлик”ни жонлантириш учун ҳаракатлар бошланганда, у яна сафдошлари қаторида эди. У сиёсий фаолияти туфайли кўп марта милиция томонидан ушланган, турли маъмурий жазолар олган. 2003-2004 йиллари Поп тумани бирликчилар ўзини кўрсатган жойлардан бирига айланди.Шу ердаги "Узбеккровля" комбинати юзлаб ишчиларини ишдан ҳайдашга бошлаганда, Ҳайитбой Қўзиев бошчилигида бирликчилар ва эзгуликчилар одамларни уюштирдилар, коллектив қаршилик ҳаракати уюштирдилар. Бу вақтда ҳам у бир неча марта милиция тарафидан ушланди. Уларга ёрдамга келган “Бирлик”нинг Наманган вилоят ташкилоти раиси Мамадали Қорабоевга қарши жиноий иш очилди. Уни бир неча ойга қамаб ҳам қўйдилар. “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг маҳаллий фаоллари уни чиқариб олишга, ишчиларни ҳайдаттирмасликка эришдилар. Ҳайит Қўзиев 2004 йил сайловларида “Бирлик”нинг чақириғи билан ташаббус гуруҳи орқали вилоят Кенгашига кўрсатилган ўз номзодини рўйхатдан ўтказтириш мақсадида Наманган шаҳрида пикетлар ўтказди, аммо яна милициянинг тазйиқлари остида қолди.

2005 йил 13 майдаги ҳукуматнинг Андижондаги хунрезлигини қоралаш учун “Бирлик” Партияси Тошкентда 30 май куни режалаштирган митингга Ўзбекистоннинг турли нуқталаридан йўлга чиққан юзлаб бирликчилар қатори Ҳайит Қўзиев ҳам Намангандан чиқиши биланоқ ушланди, калтакланди, уйидан чиқмаслик шарти билан қўйиб юборилди. Аммо, у ҳукуматнинг янги қора рўйхатига тушиб бўлганди. 2005 йил 30 июнда унга қарши Жиноят Кодексининг 244-2 моддаси билан жиноий иш очилди. Бу модда диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ва бошқа тақиқланган ташкилотларни тузиш, бошқариш ва уларнинг фаолиятида иштирок этиш деб таърифланади. Унга қўйилаётган айб “бошқа тақиқланган ташкилотларни”, яъни “Бирлик” тузиш ва унинг туман ташкилотига бошчилик қилиш билан боғлиқ эди. Қамалиши аниқлигини тушунган Ҳайтбой аввал Бишкекка, сўнгра Швецияга қочишга мажбур бўлди.

Фараз қилайлик, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожонов ва Юсуф Расуллар аввалдан Ҳайит Қўзиевни билишмасди, шу туфайли унинг сиёсий фаолиятидан ҳам хабарсиз эдилар. Аммо, улар бир неча ой Бишкекда бирга бўлдилар, БМТнинг Қочоқлар комиссарлигида айни кунларда суҳбатдан ўтдилар, сўнгра биргаликда қочқин сифати билан Швецияга келиб, сал кам бир йилдан бир Швециянинг кичик бир шаҳрида яшамоқдалар. Шунча вақтдан бери улар бир бирларини ўрганмадиларми, бир бир бирлари билан ҳасратлашмадиларми? Ўргандилар, ҳасратлашдилар.

Хўш, ундай бўлса жумбоқ нимада? Аввалги хабаримизда айтганимиздек, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожонов ва Юсуф Расул “Эрк”нинг фракцияларидан бирига лидерлик қилувчи, иккита квартираю бир депутатлик мандати эвазига “Бирлик”ни Каримовга сотган Салай Мадаминовни мадҳ қилишни касб этишган. Уларнинг бу ишини маънавиятсизлик деб ҳисоблайдиган Ҳайит Қўзиевдан эса, фергана.ру сайтида келтирилган гапларни чиқартириб ўзларича қасд олишган.

Уларни фақат қуйидаги шарх билангина тушуниш мумкин. Миллий ҳаракатни энг муҳим замонда миллат душманларига сотиб кетишни маънавиятсизлик ҳисобамасдан, маънавиятсизликни қаҳрамонлик қилиб кўрсатишга уринган бу одамларнинг ўзида маънавият борми? Йўқ, чунки улар “доҳийларининг” сотқинлиги киноларга туширилгани, ҳужжатлар билан муҳрланганини, шу сабабли, булар вақти келиб очилишини, халқ ўшaнда “доҳийлари” қатори буларнинг афтига ҳам тупуражагини жуда яхши биладилар. Фожеа шундаки, улар шунга тайёрлар. Бундай одамлардан ҳар қандай тубанликни кутиш мумкин, бунга тайёр бўлиш керак.

Уларнинг Ҳайитбой Қўзиевга “муносабатларининг” сири шунда.

Дарвоқе, уларнинг ҳамтовоқларидан бири, сўнгги ўн йилда Каримовни доҳийим деб этагидан ушлаб келган Исмат Хушев, энди этак ўзгартириб, янги доҳий сифатида Салай Мадаминовни танлабди. Аммо, бу “доҳийнинг” миси жуда тез чиқаётганидан чўчиган Исматвой келажак учун янги этак тайёрлаб қўйиш мақсадида, ҳозир мухолифат сафларида обрўси ошиб бораётган Муҳаммадбобир Маликов хусусида ижобий бир нарсалар ёзмоқчи бўлган экан, юқоридаги 3 мурид ва уларнинг доҳийсидан рад жавоби олибди. Яқинда янги можаралар кутаверинг.

20:00 - Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг мажлиси

Бугун Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил биринчи ярмидаги мамлакат иқтисодиёти якунларига бағишланган мажлис бўлди. Унда айтилишича, республикада ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) нинг ўсиши ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 6,6 % ни, инфляция даражаси 3,5 % ни ташкил этган эмиш. ЯИМ ўсишининг бу кўрсаткичи қанчалар рост экани ҳозирча бизга ноаён, лекин ўтган ярим йилликда инфляция даражаси атиги 3,5 % бўлганига ҳеч кимни ишонтириб бўлмаса керак. Чунки ҳар бир чорбозорчи қимматчилик бундан бир неча баравар юкори бўлганини яхши билади.

Мажлисда ишга яроқли аҳолининг бандлиги (ўқинг: ишсизлиги) масаласи ҳам муҳокама қилинди. Лекин бу мураккаб масалада вазиятни тасвирловчи рақамлар ўрнига касаначилик соҳасида, шу жумладан йирик саноат корхоналари билан кооперацияланиш асосида атиги 78,3 минг иш ўрни яратилгани айтилди, холос. Холбуки янги иш ўринларини ташкил қилиш, мутахассислар фикрича, камида 250 минг бўлгандагина, аҳвол ўнгланаётгани ҳақида гапириш мумкин.

Ўзбекистонда ўлим жазосини бекор қилиш билан боғлик асъаса-дабдабалар

Ўзбекистон президентининг 2008 йилда ўлим жазосини бекор қилиш ва қамоққа олиш санкцияси ҳуқуқини судларга бериш тўғрисидаги фармонлари юзасидан шу кунларда ўтказилаётган тадбирлар Ўзбекистон ОАВларининг долзарб мавзуи бўлиб қолмоқда. Бунда ЎзА ва “Жахон“ ахборот агентликлари, радио ва телевидение мухбирлари енг шимариб, хабарлар билан таъминлашмоқда.

Масалан, ЎзА ва радио хабарларига кўра, кеча жиноят, фуқаролик ва хўжалик ишлари судлари раислари ва судьялари, прокурорлик, адлия, ички ишлар органлари, Миллий хавфсизлик хизмати, божхона ва солик бошқармалари ходимлари қатнашган Бухоро вилояти ҳокимлигидаги семинарда “президентнинг адолат тамойиллари руҳи билан суғорилган юқоридаги икки фармони моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш зарурлиги алоҳида қайд этилган“. “Жаҳон“ агентлигининг Брюсселдан берган хабарида айтилишича, Ўзбекистоннинг бу ердаги элчихонасида мазкур фармонларга бағишланган брифинг ўтказилиб, унинг иштирокчилари мамлакатимизда жиноий жазо ва суд-ҳуқуқ тизимининг эркинлаштирилишини юксак баҳолашган эмиш.

Куни кеча Молдовадан олинган хабарга кўра, собик “Қизил империя“нинг Ўзбекистон каби таркибий қисми бўлган бу мамлакатда ҳам ўлим жазоси бекор қилинибди. Лекин парламент томонидан биринчи ўқишдаёк қабул қилинган шу ҳақдаги қонун янги йилдан кучга кирар экан. Содда ва оддий!

Хўш, Ўзбекистондаги асъаса-дабдабалар нима учун керак? Жавоб битта: президент шахсини улуғлаб, унга инсонпарварлик тўнини кийгизиш учун. Оксарой мулозимлари ҳам шу жавобни тасдиқлашмоқда.