12 November 2010
04:30 - Ҳиллари Клинтон Остонага келса, йўл-йўлакай Тошкентга кириб ўтмайдими?
Бундай саволни ўртага қўйиш учун, камида, икки аргумент бор.

Биринчиси. Маълумки, шу йилнинг бошида Ўзбекистондаги расмий сайтлардан бирида президент Ислом Каримнинг имзоси билан Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга келишига тайёргарлик кўриш ҳақида ҳужжат пайдо бўлган, аммо у бир кундан кейин сайтдан олиб ташланганди. Демак, Ўзбекистон раҳбариятининг Ҳиллари Клинтон мамлакатимизга келишига қандайдир умиди бор эди. Тахмин қилиш мумкинки, бу ҳақда Америка тарафи билан қандайдир гап ҳам бўлган.

Иккинчиси. Қирғизистондаги давлат тўнтариши ва ноқонуний Вақтли ҳукуматга АҚШнинг муносабати очиқча кўрсатдики, қирғизларни Москванинг бағридан бироз бўлса ҳам чиқариб олиш учун, АҚШ ҳукумати ҳар қандай сиёсий ўйинларга тайёр. Ҳатто демократик принципларни бироз унитиш эвазига бўлса ҳам. Ўзбекистон масаласида ҳам, айнан шу мантиқдан келиб чиқиб, АҚШ Ислом Каримни ўз орбитасига тортишга ҳаракат қилади. Шу мақсадда Ҳиллари Клинтоннинг Тошкентга бирров-келиб кетиш масаласини кун тартибида бўлса керак.

Амалда нима бўлади, Ҳиллари Клинтон Остона йўлида Тошкентга кириб ўтадими ёки Остонада Ислом Карим билан алоҳида учрашув ўтказиш билан чекланадими, буни яқин келажак кўрсатади.

Ҳозир АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси республикачилар қўлига ўтгани, республикачилар Россияга нисбатан ҳам, Ўзбекистонга нисбатан ҳам қаттиқўлликка асосланган сиёсат олиб бориш тарафдори эканликлари бу масалада муҳим роль ўйнаши муқаррар.