01 November 2010
03:32 - Қирғизлар Ўзбекистонга қарашли шимолий Сўх газ иншоотининг бир қисмини эгаллаб олди
Бугун куннинг биринчи ярмида Фарғона вилояти Риштон тумани Навбаҳор посёлкаси ҳудудида жойлашган “Ўзтрансгаз” ширкатига қарашли Шимолий Сўх газни ер остида сақлаш иншоотининг қўшни Боткент вилояти Қадамжой тумани Бурганди массивида жойлашган газ тақсимоти пунктларини қирғизлар эгаллаб олишган. Бу ерда ишловчи ўзбекистонликларни ҳайдаб чиқаришиб, газ бошқарувини ўз қўлларида тутиб туришибди.

Бу ҳақда хабар қилган фарғоналик мухолифатчилар Ўзбекистонга қарашли бу иншоотнинг қирғизлар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши борасида ҳозиргача Ўзбекистон расмийларининг бирор ҳаракат қилишмаганини таъкидлашмоқда.

Маълумотларга кўра, газ тақсимлаш пунктларида ишловчи 100 дан ортиқ кишини қирғизларнинг маҳаллий оқсоқоли Алчинбой Торалиев бошчилигидаги қирғиз фуқаролари бу ҳуддуддан ҳайдаб чиқаришган. Этник талаб қўяётган қирғиз фуқаролари бу ердаги табиий бойликлар, иншоотларнинг барчаси Қирғизистонга тегишли эканини даъво қилишмоқда.

“Бирлик” Партиясининг Фарғона вилояти бўлими раиси, нефть-газ соҳаси мутахассиси Адҳам Муҳиддиновга кўра, бутунлай мамлакатимизга тегишли бўлган мазкур иншоотнинг бир неча компрессор станциялари, газ тақсимлаш пунктлари Қирғизистон билан давлат чегараларииз оралиғида ҳали демаркация қилинмаган 96,5 гектар ерда жойлашган. Мазкур иншоот Бухоро вилоятидан келтирилган газ заҳираларини ер остида сақловчи иншоот бўлиб, иншоотнинг қирғизларга мутлақо дахли йўқ. Аксинча, ҳодиса қирғиз миллатчилари томонидан маҳаллий ўзбеклар билан этник можаро чиқариш учун уюштирилаётган бўлиши мумкин. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, иншоотда мавжуд газ заҳирасидан қирғизлар ўзбошимчалик билан фойдланишни бошлаб юборишган.

Воқеалар ривожини мухбирларимиз кузатиб боришмоқда.