01 November 2010
04:24 - Боёвутда пахта теримига жалб қилинган аскар ўз жонига қасд қилган
Сирдарё вилояти Боёвут тумани пайкалларида пахта тераётган ҳарбий қисм аскарларидан бири ўз жонига қасд қилган, деб хабар қилди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг маҳаллий фаоллари. Бундан бир муддат олдин содир бўлган ҳодиса тафсилотлари мутлақо сир тутилмоқда, бироқ маҳаллий қишлоқ вакилларига кўра, солдат ўз командирининг камситиши оқибатида бу ишга қўл урди. Белгиланган нормани бажармаган аскар хизматдошлари олдида командири томонидан ҳақорат қилиниб, унинг бир қўли боғланган ва пахта теришга мажбур қилинган. Ўзини хўрланган деб ҳисоблаган аскар кечаси ўзини осиб ўлдирган ва вафот этган.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг сирдаёлик фаоллари ҳарбий қисм хизматчисининг шахсини аниқлаш, воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Сирдарё вилояти прокуратураси, ИИБга расман мурожаат қилди, ва айни пайтда ўз манбалари орқали ҳам суриштирувлар олиб бормоқда.

Шуни таъкидлаш керакки, маҳаллий давлат ҳокимяти оргналари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари томонидан пахта кампанияси қурбонлари билан боғлиқ ҳолатларни яшириш тенденцияси давом этмоқда. “Эзгулик”чилар ҳалигача вилоятнинг Оқ олтин туманида 5 нафар коллеж қизларининг зўрланиши ҳодисаси бўйича ҳам расмий маълумот ололгани йўқ.