17 October 2010
06:02 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Термизда муҳташам ресторан ишга тушди, эгаси МХХчи
Гап номи “Турон” бўлган мазкур рестораннинг муҳташамлигида эмас, унинг кимга тегишли эканида. Бир вақтнинг ўзида 1000 нафар одамни сиғдира оладиган мазкур сарой вилоят МХХ бошқармасининг тергов бўлими бошлиғи Нодир Тўрақуловга тегишли эканидадир.

Эндигина 30 ёшдан ошган асли андижонлик бу йигитнинг парвози шунчалик юксак эканки, 2002 йилдан бери вилоятдаги фаолияти даврида манаман деган зўрларни ортда қолдирди. Казо-казоларни судсиз, сўроқсиз қамоққа олиб, сурхондарёликларни тиз чўктирди.

“Ҳамкорбанк” номли хусусий молия муассасаси очиб, бизнесини ҳам йўлга қўйган бу хуфянинг йўлини солиқчилар кесиб ўтолмайди, чунки солиқчиларнинг каттаси - Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев унинг жонажон қайнотасидир. Баъзан ғайрати терисига сиғмай кетган пайтларда Нодирга Сурхондарё тугул, мамлакат торлик қилиб қолади. Мўғуллардан қочган Жалолиддин Мангуберди сингари Амударёдан сакраб, Афғонистонга ўтиб кетгиси келади. Лекин, дарёнинг нариги томонида ҳозирча уни тан олишмайди...

Манба: sagamun@mail.ru