17 October 2010
12:53 - Туркияда бу йил қурбонликлар қилинмаслиги мумкин
Ислом дунёси боши берк кўчадан чиқиш учун Исломда ислоҳотлар қилишдан бошқа йўл йўқлигини секин-аста бўлса ҳам тушуниб етмоқда. Туркия Диёнат ишлари вазири Али Бардоқўғлининг бугунги баёноти шу фикрнинг яна бир исботидир.

Авваламбор шуни айтиш керакки, Туркиянинг Диёнат Ишлар вазири Ўзбекистоннинг муфтийси каби лавозим эгасидир. Ўша вазир кеча Туркиядаги обрўли дунёвий газеталардан бири “Ҳуррият”га интервью бериб, келаётган Қурбон байрамида ҳайвон сўйиб қурбонликлар қилиш масаласини ҳам тилга олган. У ўз интервьюсида хусусан шундай дебди:

“Қурбонлик туфайли Туркиянинг ҳайвон заҳиралари (запаслари) таҳлика остида қолиши мумкинлиги ҳақида текширувлар олиб боришга қарор қилдик. Бировлар ҳайвон сўйилмаслиги муаммо яратмаслигини гапирса, биров тўғридан-тўғри “сўйилмасин” демоқда. Агар, ростдан ҳам таҳлика бўлса, бу йил қурбонлик қилмаса ҳам бўлади, деб айтаман. Аммо, нима бўлганда ҳам, урғочи ҳайвонларни қурбонликка сўймаслик лозим. Қисирлиги аниқ бўлганларини сўйиш мумкин. Аввалги йиллари биз ваколат бўйича Покистонда қурбонлик қилардик. Аммо, бу йил у ерда сел-тошқинлар туфайли жуда кўп уй ҳайвонлари ҳалок бўлди. Шундай вазиятда покистонликларга яхшилик қилиш ниятида қурбонлик учун одамларнинг қўлида қолган ҳайвонларни олсак, уларга узоқ муддатда ёмонлик қилган бўламиз. ”

Бечора Али Бардоқўғли Исломда ислоҳотлар қилиш зарурлиги, Исломнинг ягона фарзи имон бўлиши кераклигини айтишга чўчиб ва гапни айлантириб, қурбонлик қилиш Исломнинг асосий шартларидан бири эмаслигини феълан гапирмоқда.

Маълумки, Қуръоннинг мавжуд тафсирига кўра, Исломнинг 5 фарзи бор – имон, Каъбага қараб 5 маҳал номоз ўқиш, рўза тутиш, ҳаж қилиш ва закот бериш. Ер думалоқ бўлгани сабабли, Каъбанинг горизонтидан ташқарида Каъбага қараб номоз ўқиш имкони йўқ, Ернинг қутбларга яқин қисмларида ёки фазода 5 маҳал номоз ўқиш ёки қуёш чиқишидан ботишигача оғиз очмаслик тушунчалари мантиғини йўқотади, Макка ва Мадина бир вақтда қабул қила оладиган одамларнинг сони чегаралангани, мусулмонларнинг сони эса ортиб бораётгани сабабли, мусулмонларнинг маълум бир қисми ҳозироқ, келажакада эса кўпчилиги, ҳамма имкониятлари бўлса ҳам Ҳаж қилолмайди.

Демак, Қуръоннинг шу фарзларга оид жойлари хато тафсир қилинган. Улар янгидан тафсир қилиниши лозим. Яъни, Исломда ислоҳотлар қилишдан бошқа йўлимиз йўқ.

Исломнинг шу пайтгача фарз деб ҳисоблаб келинган асосий шартлари савол остида қолар экан, қурбонлик ва ҳижоб каби учинчи даражали нарсаларни сақлаб қолишга интилишнинг ўзи ножиддийликдир.