29 September 2010
03:23 - “Эзгулик”нинг Фарғона вилояти бўлими конференция ўтказди
Бугун Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Фарғона вилояти бўлимининг ҳисобот-сайлов конференцияси ўтди. Унда жамиятнинг вилоят бўлими фаоллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда бошқа вилоятлардан ташриф буюрган ҳуқуқ ҳимоячилари иштирок этишди. Конференция кун тартибидаги асосий масалалар юзасидан жамиятнинг вилоят бўлими раиси Адҳам Муҳиддиннинг ҳисоботи тингланди, жамиятнинг туман бўлимлари вакиллари ўз фаолияти борасида сўзлаб берди.

Конференцияда ташкилий масала кўрилди, ҳисоботи қониқарли деб топилган Адҳам Муҳиддин лавозимига қайта сайланди. Конференция иштирокчилари жамиятнинг вилоят ташкилоти Кенгаши ва Тафтиш комиссияси таркибини тасдиқлашди. Анжуман юзасидан Фарғона вилояти Адлия бошқармасига ҳисобот бериш мажбурияти Адҳам Муҳиддин зиммасига юклатилди. Конференция ишида жамияти Марказий бошқаруви раиси Васила Иноят иштирок этди.