29 September 2010
13:10 - Илҳом Алиев нимага Ўзбекистонга келиб-кетгани номаълум
Расмий хабарларда айтилишича, икки кунлик расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Озорбайжон президенти Илҳом Алиев кеча мамлакатига қайтди.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати ва Ташқи ишлар вазирлигининг “Жаҳон” ахборот агентлиги бу ташриф натижалари бўйича катта хулосавий ҳисобот эълон қилган бўлса ҳам, Илҳом Алиевнинг Тошкентга келишининг расмиятчиликдан бошқа нима қандай маъноси борлиги кўринмайди.

Ислом Карим шахсан ўзи меҳмонга Тошкент кўрсатганини ҳисобга олмасак, диққатни қабул қилинган расмий ҳужжатлар ва уларда тилга олинган бази рақамларга қаратиш керак. Маълум бўлишича, икки мамлакат ўртасидаги савдо-сотиқнинг шу йилнинг биринчи ярмидаги ҳажми $9,2 млн экан. Яъни, иқтисодий алоқаларимиз гапириб ўтиришга ҳам арзимайдиган, ҳатто, кулгили даражада паст.

Кеча Ислом Карим ва Ҳайдар Али иштирокида бу алоқаларни 2011-2015 йилларга мўлжалланган режалари бўйича ҳукуматлараро шартнома имзоланибди. Агарда савдо-сотиққа доир рақамларнинг кейинги йилларда жиддий орттирилиши кўзда тутилган бўлса эди, бу нарса албатта хабарларда тига олинган бўларди. Аммо, олинмаган. Демак, иқтисодий алоқаларимизда жиддий ўзгариш ҳам бўлмайди. Қолаверса, бундай арзимаган ҳужжатни ҳукумат раҳбарлари президентларсиз ҳам имзоласалар бўлаверарди. Шунга ўхшаш имзоланган икки тарафлама бир неча ҳужжатнинг ҳам биронтаси жиддий аҳамиятга эга эмас.

Дарвоқе, битта жиддийдек кўринган ҳужжат имзоланганини эътироф этиш керак. Бу - икки президентнинг қўшма декларацияси. Лекин, унинг ҳам биронта тафсилоти расмий хабарларда айтилмайди. Айтишга арзийдиган нуқтаси бўлса эди, шубҳасиз, айтиларди.

Бизга қардош бўлган бошқа бир турк давлати раҳбарининг мамлакатимзга қилган ташрифини камситиш ниятимиз йўқ. Аммо, давлатнинг расмий эълон қилган хабарларида бу ташрифга доир биронта муҳим маълумотнинг йўқлиги, Илҳом Алиев Тошкентга шунчаки келиб-кетганини кўрсатади. Тўғри, Илҳом Алиевни ўтган ҳафта Нью-Йоркда АҚШ президенти қабул қилгани, Ислом Карим учун эса, бундай қабулда бўлиш фақатгина орзулигича қолаётганини ҳисобга олсак, икки президентнинг Тошкентдаги учрашувларида қандайдир маъно кўрингандек бўлади.

Дарвоқе, икки турк давлати раҳари тарафидан ёки уларнинг иштирокида имзоланган ҳужжатларинг ҳеч бирида “Турк Дунёси” деган иборанинг ўзи ишлатилмайди. Ислом Карим Турк Дунёси ғоясининг душмани эканлигини ҳисобга олсак, бунинг ҳайрон қоладиган жойи ҳам йўқ.