27 September 2010
01:07 - Рус демократларининг навбатдаги бирлашиши ҳақида
Шу йил 14 сентябрдаги хабаримизда Россия демократлари навбатдаги бирлашиш ҳаракатларини бошлашгани ва 16 сентябрда бу ҳақда расмий баёнот беришлари айтилганди. Аммо, 16 сентябрь куни мухолифат лидерларининг “Новости” агентлиги биносида режалаштирилган матбуот конференциясига ҳукуматнинг саъй-ҳаракатлари билан йўл берилмади.

Лекин матбуот конференцияси бошқа жойда, “Бирдамлик” ҳараатининг қароргоҳида ўтказилди. Михаил Касьянов (собиқ премьер-министр, ҳозир “Халқ Демократик Иттифоқи”нинг лидери), Борис Немцов (собиқ вице-премьер, ҳозир “Бирдамлик” ҳаракатининг лидерларидан), Владимир Рижков (Давлат Думасининг собиқ аъзоси, ҳозир Республика Партиясининг раисдоши) ва Владимир Милов (“Демократик Танлов” раҳбари) коалицияга бирлашганларини эълон қилдилар. Матбуот конференциясида тузилаётган коалициянинг номи ҳам тилган олинмагани, Гарри Каспаров уларга қўшилмаганидан хулоса қилса бўладики, рус демократларнинг бирлашиш учун қилаётган бу сафарги урунишлари ҳам жиддий эмас.

Тўғри, бир неча кундан кейин Михаил Касьяновнинг маслаҳатчиси Елена Ликун янги коалициясининг ташкилий комитети ўзининг биринчи мажлисини ўтказганини хабар қилди. Маълум бўлишича, коалициянинг номи “Ўзбошимчалик ва коррупциясиз Россия” бўлибди, унинг Таъсис қурултойини декабрнинг ўрталарида ўтказиш режалаштирилмоқда.

Мухбиримизнинг фикрича, коалициянинг номи ҳам унинг ножиддийлигини кўрсатади, холос.