15 September 2010
12:30 - Бахтли ўзбек ёшларининг ягона йўли бахтли Ўзбекистондан тезроқ қочишдир
ЎзА агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, президент Ислом Карим раҳнамолигида соғлом ва баркамол авлод тарбиялаш, ёшларнинг ўз ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, йигит-қизларни йигирма биринчи аср талабларига тўлиқ жавоб берадиган ҳар томонлама етик ва баркомол инсонлар этиб вояга етказиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири этиб белгиланган. Хабарда бунинг исботи сифатида Банк коллежи ўқувчиларининг бахтли ўқув жараёнини кўрсатадиган бир қатор расмлар берилган.

Бу расмларда ростдан ҳам бахтиёр ёшлар кўрсатилганига ишониш мумкин. Аммо, улар ўз келажакларининг қандай бўлишини ҳали билмайдиган ёшлар бўлса керак. Агар улар ўз келажаклари қандай мавҳум эканлини билишса эди, дарҳол Ўзбекистондан қочиш йўлларини қидиришган бўларди.

Ҳақиқат шундан иборатки, замоновий иқтисод ва бизнеснинг мотори бўлган банк системасини бўғишда Ўзбекистон президенти Ислом Карим саводсиз Ислом уламолари билан бир савияда туради. Айнан шу сабабли, аввалги хабарларимизда билдирилганидек, Ўзбекистонда банк тизимининг ривожланиш даражаси, Ғарб давлатларини қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистондан ҳам тахминан 15 баравар пастда. Демак, Банк коллежини битирганларнинг кўчилиги ёки ишсиз қолади ёки чет элларга, жумладан, Қозоғистонга қочишга мажбур бўлади.

Ҳозир Ўзбекистон ҳукумати ёшларнинг мамлакатдан оммавий равишда қочишидан ҳам безовта бўлмоқда. Бунинг олдини олиш учун Ўзбекистонда аҳволни тузатиш лозимлигини ҳам тушунмайдиган ҳукумат ёшларга чет элга чиқиш визаси бермаслик йўлини танлабди.

Шундай экан, Ўзбекистонда режимни ўзгартириш мамлакатимз келажаги нуқтаи назаридан ўта муҳим бўлиб қолаверади. Ислом Карим ўз сиёсатини ўзгартирмаса, чет элга қочолмаган ёшларнинг ҳаммаси мухолифат сафига қўшилишади. Зотан, улар учун бошқа йўл ҳам йўқ.