23 July 2012
07:09 - Ўзбекистонда тижорий банкларнинг умумий капитали ортмоқда, аммо аҳвол қанчалик яхши?
Ўзбекистон режимининг қўғирчоқ сайтларидан бири бўлган UzDaily.uz сайтининг кечаги хабарида айтилишича, шу йилнинг биринчи ярмида мамлакатдаги тижорий банкларнинг умумий капитали ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 24,2%га ортиб, 5,7 трлн сўм бўлибди. Банкларнинг умумий активлари 30,4% га ортиб, 32,4 трлн сўмга чиқибди. Хабарда шунга ўхшаш жуда кўп рақамлар келтирилган. Хабарни ўқиганларда ҳамма нарса яхши, ҳамма нарса ўсмоқда деган фикр шакллантиришга интилинган.

Аслида, аҳволни тўғри тушуниш учун келтирилган рақамларни бошқаларники билан, хусусан, қўшниларники билан солиштириш керак.

Ҳозир бунга на имконимиз на вақтимиз бўлмагани сабабли, бироз бошқача фикр-мулоҳазалар билдирмоқчимиз.

Банкларнинг фаолияти, уларнинг фаолият самарадорлигини баҳолашда уларнинг устав капитали қанча эканлиги аҳамиятли.

«Ҳаракат» агантлигининг 2010 йил 22 апрелдаги хабарларида Ўзбекистон Марказий Банкининг рус агентликларига берган маълумотига асосланиб билдирилишича, мамлакатимиздаги банкларнинг умумий активи ўтган йилга нисбатан 33,3% ортиб, 17,1 трлн. сўм, яъни $10,9 млрд бўлган.

Қозоғистон банкларининг умумий активи эса, ўша вақтда 11 трлн 668,6 млрд тенге, яъни $80 млрд экан. Рақамларни солиштирсак, Ўзбекистон Қозоғистондан бу соҳада ҳам тахминан 10 баравардан кўп орқада эканлиги маълум бўлади. Яъни, Қозоғистон аҳолиси биздан тахминан 1,5 марта камлигини ҳисобга олсак, банк соҳасидаги аҳволимиз бу мамлакатдан 15 баравар ёмонлигини кўриш мумкин.

Тахмин қилайликки, UzDaily.uz берган рақамлар тўғри, Ўзбекистон банкларининг активлари ортмоқда. Аммо Қозоғистонники ҳам шубҳасиз ортмоқда. Демак, улардан 15 баравар орқада қолиш давом этмоқда. Балки, орамиздаги масофа яна ҳам ортгандир.