07 July 2010
07:31 - Жаслик колониясида маҳбусларга ваҳшийларча муносабат давом этмоқда. Нима қилиш керак?
Мустақил Ҳуқуқ Ҳимоячилари Ташаббус Гуруҳининг раҳбари Суръат Икромов кеча тарқатган хабардан маълум бўлишича, диний экстремизмга алоқадор айблар бўйича озодликдан маҳрум этилиб, жазо муддатини Жаслик посёлкасидаги 64/71 сонли колонияда ўтаётган маҳбусларнинг яқинлари унга мурожаат қилишган ва қамоқдагиларнинг оғир аҳволини енгиллаштиришда ёрдам сўрашган.

Хабарда ҳеч бир янги нарса йўқ. Ўзбекистон қамоқхоналарида, айниқса, Жаслик колониясида маҳкумларга нисбатан қийноқлар қўлланиши, уларга одам каби муносабат кўрсатилмаслигини ҳамма, дунёнинг ҳамма ҳуқуқ ҳимоячилари, ҳамма ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар, ҳамма демократик руҳдаги халқаро ташкилотлар билишади.

Шундай экан, навбатдаги хабар тарқатишдан мақсад нима? Ҳуқуқ ҳимоячилари оддий журнлистларга, хабарчиларга айланганини кўрсатишми? Бу ҳам керакли иш, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон қамоқхоналарида вазиятни ўзгартириш йўналишида яна қандайдир қадамлар қилишлари керак.

Бунинг учун эса, ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзи ҳуқуқий мақомга эга бўлиши, ташкилот сифатида рўйхатдан ўтиши керак. Уларнинг мақомлари расмийлашса, шу билан ҳамма нарса тузалиб қолмайди, аммо ҳуқуқ ҳимоячилари ўз ҳуқуқлари учун курашишга ўрганишмас экан, ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ.

Яна бир нарсани тушуниш керакки, Ўзбекистонда сиёсий вазият, сиёсий тузум ўзгармаса экан, яъни демократик жараёнлар олға кетмас экан, қамоқхоналарда ҳам ҳеч нарса ўзгармайди. Демократия ривожланиши учун мухолифат оёққа туриши, мухолифатдаги партиялар сиёсий майдонда очиқ кураш олиб борадиган даражага чиқиши, яъни рўйхатдан ўтиши шарт. Аммо, одамларнинг, улар аъзо бўлган сиёсий партияларнинг ҳуқуқларини ҳам паймол қилаётган мавжуд режим бунга йўл бермоқчи эмас.

Демак, бу ҳукуматнинг “қулатишнинг” бирдан-бир йўли - сиёсий ҳуқуқларнинг бузилишини олдини олиш. Ҳуқуқ ҳимоячилари учун бу йўлдаги асосий вазифа - фаолиятларида урғуни сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилишга бериш.