02 July 2010
01:09 - “Ҳаракат” хатқутисидан: “Маҳаллийчиликка чора йўқми?”
Президент фармойишлари ва қонунни тан олмасдан маҳаллийчилик кайфиятидаги зўравон бойваччалар манфаатини кўзлаб биржадан қонуний сотиб олган мулкимни сохта ҳужжатлар орқали тортиб олишиб, 60 ёшимда оила аъзоларим билан бошпанасиз, хонавайрон бўлишимга сабабчи бўлган мансабдорлар ва адолатсиз судьяларнинг жиноий қилмишлари туфайли шахсан Сиз ва маъсул маҳкамаларнинг раҳбарларига мурожаат этишга мажбур бўлаётирман.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 мартдаги «2005-2006 йилларда корхоналарни давлат тасарруфидан чиқариш ва ҳусусийлаштириш дастури тўғрисида»ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 22 августдаги № 362 ва 2001 йил 9 мартдаги 119-сонли қарорлари ҳамда Давлат мулки қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси билан 2005 йил 14 сентябрь кунги “Олди-сотди шартномаси”га асосан, Ҳамза туман, Миршаропов кўчаси, 85-манзилда жойлашган «GUZAR-YANGIOBOD» давлат унитар корхонаси мажмуини сотиб олганман.

2005 йил 6 октябрда мулкий ҳуқуқимни тасдиқловчи 318-сонли Давлат ордери берилгач, шу кўчмас мулк асосида ташкил этилган “Дилдора-Бахт” маъсулияти чекланган жамиятида фаолият юритиб, ҳовли жойларимизгача сотиб мазкур бино ва иншоотларни капитал таьмирдан чиқардик. Тўртта ишлаб чиқариш цехида юзга яқин иш ўрни очиб, солиқларни ўз вақтида тўлаб тўрт йил фаолият юритганимиздан сўнг оёққа турган корхонамизга кўз олайтирувчилар кўпайди. Корхонамиз жойлашган Янгиобод мавзесида яшовчи Анвар Мадаменов ўғиллари Аваз ва Азизбойваччалар Ҳамза туман ҳокими Ш.Абдуқодиров, ҳоким муовини Б.Умаров, бошчилигида маҳалла жамғармаси раиси Комилов Собир Ҳожи, “Тарновбоши” маҳалла фуқаролар йиғини оқсоқоли С.Давидовлардан иборат уюшган гуруҳ 2006 йил 29 сентябрь куни соат 17 ларда корхонамиз худудига бостириб киришиб, нарсаларимизни кўчага улоқтириб, корхонамиз эшикларини муҳрлаб., 22 ларгача таъзийқ ўтказиб зўрлик билан ҳайдаб чиқардилар. Маҳалла жамғармаси раиси Собирҳожи Комилов, “Тарновбоши” маҳалла оқсоқолининг ўғли Шамсиддин Давидов, собиқ маҳалла оқсоқолининг ўғли Жаҳонгир Эрматовлардан иборат уюшган жиноий гуруҳ аъзолари 2006 йил 29 сентябрь куни: - сан келгиндиларни ўлдирмасак кетмайдиганга ўхшайсанлар., деб ҳақорот қилиб, хотиним Санобархон ва қизим Дилобарнинг кўз ўнгида ўғлим Беҳзодни шафқатсизларча калтаклаганлар. Фарзандини қонга беланган ҳушсиз ҳолда кўриб жонига қасд қилган хотиним Санобархоннинг ҳаётини тез ёрдам орқали келган шифокорлар зўрға сақлаб қолдилар.

Ўша куни Собирҳожи Комилов бошчилигидаги жиноий гуруҳ ўғлим Беҳзодни калатаклаганлари етмагандай жиноятларини яшириш учун бизга пичоқ билан ташланди., деб туҳмат билан туман ИИБга олиб бориб қаматиб қўйгач туман ИИБ бошлиғи У.Турсунов аралашганидан сўнг унинг айбдор эмас, аксинча жабрланувчи эканлиги аниқлангач қўйиб юбордилар.

Тошкент шаҳар адлия бошқармаси ходимлари аралашуви билан зўравонлар тажоввузи тўхтатилгач, бу ҳақда тузилган далолатномани 2006 йил 04 сентябрь куни Тошкент шаҳар Адлия бошқармасига топширдик.Маҳаллий зўравонларнинг таъзийқлари туфайли соғлиғим ёмонлашиб, ТАПОИЧ касалхонасида 2006 йил 29 сентябрдан 06 октябргача стенакардия ташхиси билан даволанишга мажбур бўлдим.

Ўғлим ҳушсизланиб аҳволи оғирлашгач, Республика нейрохирургия илмий марказининг 5-бўлимида: -«Закрытая черепно-мозговая травма, сотрясение головного мозга. Ушиб и кровоподтек затылочной области» ташхиси билан 2006 йил 09 окятбргача даволанди. Ҳамза туман ИИБнинг Ёқуб исмли терговчиси тиббиёт хулосаси асосида жиноий ишни расмийлаштирсада зўравонлар ҳомийси Ш.Абдуқодиров ўз ваколатини суистеъмол қилиб, Ўз.Р.ЖКнинг 236-моддасига хилоф тарзда терговга таъсир ўтказиши оқибатида жиноятчилар жазодан қутулиб қолди?! Жиноятчиларга чора кўрилмаганлиги тўғрисида 13.10.2006 йилда Ҳамза туман ИИБ га топширилган аризамиз натижасиз қолди?!

Ш.Абдуқодировга: - Сиз туман ҳокими бўла туриб, нега Президент фармойишларига қарши маҳаллачилик қилаяпсиз., деганимда: - бу ерда мани айтганим бўлади, на Презедент на вазир қарорини тан олмайман. Сан келгиндиларни Тошкентдан бадарға қиламан., деб ҳақорат қилди! Маҳалла жамғарма раиси Собир ҳожи Комилов, маҳалла оқсоқоли С.Давидовлар бутун Янгиобод аҳлига: - келгиндиларни ҳайданглар., деб ошкора ташвиқот қилиб, ёшу қарини бизга қарши қайрашди!

Маҳаллачилик кайфиятидаги бу зўравонлар бизни зўрлик билан чиқариша олмагач,
“Тарновбоши” маҳалласининг Шоҳсанам кўчаси, 58-манзилдаги бинога тегишли санасиз, муҳрсиз қабул қилиш ва топшириш далолатномасининг ксеронусхасидан иборат ягона важ билан: - Миршаропов кўчаси, 85-уй манзилида жойлашган “Дилдора-Бахт” МЧЖга нисбатан мулк ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказишга мажбурлаш ва мажбурий кўчириш тўғрисидаги., даъво аризаси Тошкент шаҳар хўжалик судининг 2008 йил 04 мартдаги ҳал қилув, шу суд аппеляция инстанциясининг 2008 йил 12 майдаги қарори билан рад этилгач, адолат қарор топди деб қувонган эдик.

Судга навбатдаги аризани топширган С.Давидовга ксеронусха далолатномангизни суд тан олмади., деганимда у: - Сан пойизга осилиб келганлар нимани тушунардинг, биз судга бу ишнинг ҳужжатини топширдик., овора бўлма., иш ҳал бўлган, санинг пулинг етмайди., судьялар энди биз истаган қарорни чиқариб беради., деганида ишонмагандим. Кейинги жараёнларда Тошкент шаҳар ва Олий хўжалик суди олдинги қарорига мантиқан зид ажримлар, қарорлар асосида мулкимни айнан шу зўравон бойваччаларга тортиб олиб берганларидан сўнг маҳалла оқсоқоли ёлғон гапирмаганига амин бўлдим!

2008 йил 08 май куни кундуз соат 10.00 да Ҳамза туман ҳокими ўринбосари Б.Умаров, туман ИИБ бошлиғи ўринбосари М.Қодиров, Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси вакили С. Якубов, С.Давидовлар ўндан ортиқ милиция ходимлари билан «Dildora-baxt» МЧЖ биносига бостириб киришиб, ўлчов ишлари ўтказмоқчи бўлдилар. Мен “Тарновбоши” маҳалласи оқсоқоли С.Давидовнинг 02.04.2008 йилдаги айни шу низо бўйича аппеляция шикоятига асосан давом этаётган суд натижасини кутишни сўрадим. Б.Умаров: - Ўзбекистонда суд ҳокимяти ўлган! Судни ҳам Президентингни ҳам тан олмаймиз, керак бўлса ўзимиз суд қиламиз., деди. Хотиним С.Қиёмова: - бу гапинг учун ҳали жавоб берасан., дегани учун милиция бўлими бошлиғининг муовини М.Қодировнинг топшириғи билан милиция ходимлари мажбуран деразанинг темир рахига бостириши оқибатда қўллари қонаб кетса ҳам ўлчов иши тугагунча қўймадилар. Бу хўрликлар туфайли хотинимнинг аҳволи ёмонлашиб нафас олиши қийинлашгач, № 3 тез ёрдам подстанциясидан келган Зилола Маматова исмли ҳамшира аҳволи оғир деб касалхонага олиб кетди.

Шу тариқа суд жараёнлари давом этаётган бир пайтда, зўравонлик билан ўлчов ишлари ўтказган Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастр хизмати давлат унитар корхонаси раҳбари Ғ.Расулов, муҳандис С.Якубовлар Ҳамза туман ҳокимининг Шоҳсанам кўчаси, 58-уйга тегишли 20.02.2001 йилдаги № 182 сонли қарорининг, ҳанузгача асл нусхаси топилмаган ксеронусхаси асосида давлат ордери асосида менинг мулким бўлган Миршаропов кўчаси, 85-манзилдаги бинони “Тарновбоши” маҳалласига қонунга хилоф тарзда кадастр қилиб бердилар?! Қалбаки ҳужжатлар ва сохта маълумотлар асосида расмийлаштирилган ушбу ҳужжатнинг биронта банди “Шаҳарсозлик кодекси”нинг Ер кадастри талабларига мутлақа жавоб бермаслиги ва Тошкент давлат Кадастр хизмати ходимларининг ноқонуний қилмишлари тўғрисида 2008 йил 08 сентябрда Тошкент шаҳар прокурорига топширган шикоятимиз ҳам текширилмади?! Бунинг сабаби Тошкент шаҳар Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси ҳуқуқшуноси Ш.Ибрагимовнинг қилмишларини хаспўшлаб, ҳатто уни қўллаб судга Протест киритган шаҳар прокурорининг бағрикенг ўринбосари Ш.П.Алаев деб ўйлайман.

2008 йил 24 декабрь куни суд қарори ижросини таъминлаш учун келган Ҳамза туман суд ижро департаменти ходими О.Полвонов корхонамиз вакиллари иштирокисиз С.Давидов бошчилигида эшикларни бузиб, бинони эгаллаганлар. О.Полвонов калитларни сўраганида ўғлим Аллаев Беҳзод Сизни танимайман, калитларни хўжайиндан бошқага бермайман дейиши билан уриб жағини синдирган. О.Полвоновнинг Аваз Мадалиев деган шериги маҳалла болалари билан йиқилиб ётган ўғлимни тепкилаб таҳқирлаганлар... Ўша куни Беҳзодни эски ТошМИ жарроҳлик бўлимида: « перелом нижней челюсти в области угла слева со смещением. Ушиб мягких тканей передней стенки живота” диагнози билан жағини операция қилишгач., 2009 йил 3 январда чиқиб, яна бир ой қатнаб даволанди. Бу ҳақда шифохона маъмурияти ички ишлар идораларини хабардор этсагда, чора кўрилмаганлиги ҳақидаги Бош прокурорга шикоятимни бошқарма бошлиғи Э.Жўраев 25.05.2008 йилда Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Ш.П.Алаевга юборсада, ҳеч қандай чора кўришмади?!

Мен 2006 йилдан буён ана шу мулк асосида ташкил этилган «Dildora-baxt» МЧЖ орқали асосий фаолият турини ўзгартирмасдан оператив тарзда хўжалик фаолияти юритиб юзга яқин ишчи ўринлари ташкил этганлигим, мазкур низоли бино «Dildora-baxt» МЧЖ балансида эканлиги, ҳар ойда 5.000 000 сўмдан нақд пул тушумларини банкга топшириб, мулкий ва бошқа барча солиқ турларини доимий тўлаб келганлигим тўғрисидаги барча ҳужжат ва маълумотлар акс этган КАФ ООО “АУДИТБИРЖАСАВДО” аудиторлик текширув хулосасини судга тақдим этганман. Ушбу ҳужжат Тошкент шаҳар хўжалик судининг судьяси Р.М.Қурбонов судьялик қасамёдига итоат этгани ҳолда синчковлик билан танишиб чиққан 10-0816/16622-сонли фуқоролик ишига тикилган! Судья Р.М.Қурбоновнинг мунофиқларча бир ёқлама иш юритганлиги «Dildora-baxt» МЧЖни мажбурий кўчириш тўғрисидаги 2008 йил 30 сентябрдаги Ҳал қилув қарорида: - ФПКнинг 116-моддасига кўра мулк ҳуқуқи билан бирга бир қаторда хусусан қуйидагилар аъшёвий ҳуқуқлар ҳисобланади., яъни хўжалик юритиш ҳуқуқи ва оператив бошқариш ҳуқуқи. Юқоридагиларга кўра даъвогарнинг «Dildora-baxt» МЧЖни эгаллаб турган жойидан мажбурий тарзда кўчириш тўғрисидаги талаби асосли бўлиб, қаноатлантирилади., дея ўз фикрини далолатлаш учун келтирган ФПКнинг 116-моддасига талабига хилоф, мантиқсиз хулосасидан яққол кўриниб турипти?! Мазкур фуқоролик ишига ҳакамлик қилган судьяларнинг ҳақиқатни эмас, даъвогарнинг сохта важларини зўраки далолатлашга қаратилган процессуал хатоларини англаш учун юрист бўлиш шартмас. Фақатгина жиндай виждон бўлса бас! Икки йилдан ортиқ давом этган суд жараёнлари Тошкент шаҳар ва Олий хўжалик суди судьялари Қ.Ҳамроев, Т.Алимардонов,Т.Тожибоев, Д.Р.Соатов, А.Л.Ибрагимов, Б.Сайфуллаевларни Худойим шу неъматдан қисганлигини уларнинг ўзлари исботлашди.

Бойваччалар ҳимматидан илҳомланган айрим судьялар рол талашган артистлардек суд саҳнасида қайта қайта пайдо бўлаверишгач., уларнинг айримларига “отвод” беришга тўғри келди... Ушбу бинони худди отасидан қолган уйни ҳимоя қилган ўғилдай ҳимоя қилиб, бир неча суд мажлисларида ҳакамлик қилган судья Б.Сайфуллаев суд қарорига сохта маълумот киритганлиги учун жавобгар бўлишдан ҳам қўрқмасдан 2009 йил 29 апрелдаги қарорида:
-Ҳамза туман ҳокимининг 1998 йил 14 сентябрдаги 1057-сонли қарори билан давлат қабул ҳайъати тузилиб, мазкур бино фойдаланишга қабул қилинган., Ҳамза туман ҳокимининг 2001 йил 20 февралдаги 182-сонли қарорига биноан Шоҳсанам кўчаси, 58-уй манзилидаги “Янгиобод” гузари “Тарновбоши” маҳалласи тасаруфига, сўнгра низоли бино далолатнома асосида фуқоролар йиғини балансига ўтказилган, деган ғайри табиий важлар билан ҳатто даъвогарларнинг адвокатларини ҳам доғда қолдирди! Аслида, у назарда тутган Миршарапов кўчаси, 85-уй манзилидаги бино нафақат 2001 йил ҳозир ҳам расман «Dildora-baxt» жамияти балансидан чиқарилгани йўқ ва ҳеч қачон “Тарновбоши” маҳалласи тасаруфида ва балансида бўлмаган!

Ҳатто, суд ижрочилари ҳам зўравон бойваччаларга ён босиб, қонун талабларига хилоф равишда ҳатто маҳалла оқсоқоли С.Давидов ва бошқа маҳалла фаоллари иштирокида хатланган корхонамиз балансидаги 77.500 000 сўмлик инвентар мол мулкларни ҳам бермасдан, биз билан бирга 100 нафар одамни ишсиз қолдириб кўчага ҳайдашди.
Бу кимсаларнинг ўрта аср қароқчиларидан қандай фарқи бор?!

Бизлар вилоятдан келган бўлсак Ўзбекистон фуқароси эмасмизми?!
Ҳуқуқимизни поймол қилиб хонавайрон қилган таъмагир судьялар, мансабдорлар қилмишларига яраша жазоланмаса худога солдим., деб индамай мулкимиздан ажраб, бошпанасиз юравераверайликми?!

Сиз ҳар доим бизнинг болаларимиз ҳеч кимдан кам эмас., бутун Ўзбекистон болалари менинг болаларим дейсиз!
Ўзбекистон деган мустақил давлатда Сизнинг Беҳзод деган болангизни калтаклаб инвалид қилган маҳаллачи зўравонларга жазо йўқми?!

Нуриддин Қиёмов
Тошкент шаҳар Ҳамза тумани
+998909028162