02 July 2010
02:14 - Ўзбек қочқинлари орқага қайтиб кетгани Ўзбекистон томонидан ҳам тан олинди, аммо бунга ишониш қийин
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг «Жаҳон» агентлиги фақат рус тилида тарқатган хабарига кўра, Ўш ва Жалолободда бошланган ги хунрезликдан кейин Ўзбекистонга қочиб келган ўзбекларнинг ҳаммаси, касалхоналардаги 29 кишидан ташқари, Қирғизистонга қайтиб кетган.

Уларни бунга кўндириш учун бир қатор қирғиз мулозимлари келиб, қочқинлар билан суҳбатлдар ўтказишибди ва бундан сўнгра бундай воқеалар қайтарилишига йўл қўйилмаслиги хусусида ваъда беришибди. Ваъда берганлар ичида Вақтли ҳукуматнинг махсус вакили А.Рискулов, Ўш вилояти ҳокими С.Жиенбеков, Жалолобод вилояти ҳокими Б.Асенов, Қирғизистон чегара хизмати раиси К.Матенов, бу мамлакат соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари К.Мамбетов, Кирғизстоннинг Ўзбекистондаги элчиси А.Мадмаров, Ўш вилояти Миллий маданий марказининг раҳбари А.Рахимов ҳамда Қирғизистон ташқи ишлар вазирлигининг вакиллари бор эмиш.

Қочқинларнинг аҳволи билан танишиш истаган чет эллик ахборот воситаларининг журналистларига тўла эркинлик берилгани ҳам хабарда айтилади. Аммо, Қирғизистондан шунча мулозимнинг қочқинлар олдига келгани ҳеч бир ерда хабар қилинмаганидан хулоса чиқариш мумкинки, журналистларга эркинлик берилгани ҳақидаги гаплар ғирт ёлғондир. Ёлғон гапириш Ўзбекистон режими вакиллари, хусусан «Жаҳон» агентлиги учун оддий ҳол эканлигини ҳамма билади.

Хабар яна бир ёлғон билан тамомланади. Эмишки, қочқинлар тамомийла ўз хоҳиш-истаклари билан орқага қайтишган. Ваҳоланки, «Ҳаракат» агентлигининг мухбирлари ва ҳатто Ўзбекистонга келиб кетган АҚШ Давлат котибининг аҳоли, қочқинлар ва миграция масалалари бўйича ёрдамчиси Эрик Шварц ҳам қочқинлар мажбуран орқага қайтарилаётганини қоралашган эди.