06 March 2006
04:00 - 23:00 - "Евразия" фондининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилса керак - Фридом Xауз"дан нима қолади: ширин хотираларими, оргтехника? - Мўътабар Тожибоева 8 йилга қамалди - Санжар Умаров сал кам 11 йилга озодликдан маҳрум этилди -
23:00 - "Евразия" фондининг Тошкентдаги ваколатхонаси ёпилса керак

Бугун, 6 мартда "Евразия" фондининг Тошкентдаги минтақавий бўлими директори Джефф Эрлих мазкур ташкилотнинг Тошкентдаги бюроси фаолияти тўхтатилиши мумкинлиги борасида баёнот тарқатди. Маълум бўлишича, бир қанча халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарини ёпиб улгурган Адлия мутасаддилари энди "Евразия"га кўз тикишган.

Мазкур фонд турли мамлакатларда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам демократик тамойилларни улуғлаган, бир қанча нодавлат ва жамоатчилик ташкилотларига грантлар ажратган эди.

Фридом Xауз"дан нима қолади: ширин хотираларими, оргтехника?

Бугун, 6 мартда фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Тошкент шаҳар прокуратурасининг “Фридом Xаус”нинг Тошкентдаги бюросини батамлом ёпиш хақидаги даъво аризасини кўриб чиққан. Аммо суднинг қарори борасидаги маълумотни суд ва прокуратура билан биргаликда "Фридум Хауз" ходимлари ҳам сир сақлашмоқда. Аммо бир неча кун илгари бюро директори Бранко Шесто хоним бир неча кишиларга ўзларига 10 мартгача Тошкентдан чиқиб кетиш ҳақида шарт қўйилганини айтган эди.

"Фридум Хауз" ходимларига кўра, бюрога тегишли бир канча техник воситалар, хусусан, компьютерлар комплекти, нусха кўпайтириш аппаратлари ҳамда мебеллар ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларига ҳадя қилинади.

Мўътабар Тожибоева 8 йилга қамалди

Бугун, 6 мартда жиноят ишлари бўйича Ўртачирчиқ туман суди маргилонлик ҳуқуқ химоячиси, "Ўтюраклар" клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевани 8 йил озодликдан маҳрум этиш ва унинг жазони умумлаштирилган режимда ўтказиши хақида ҳукм чиқарди.

Суд мажлисларида кузатувчи сифатида иштирок этган хорижий дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар маҳкаманинг тўла босим остида ўтгани, Мўътабарга қўйилган барча айбловларнинг сохта эканлигини таъкидлашмоқда. "Айбловларнинг сохталагини Тожибоеванинг қилмишига Жиноят кодексининг биратўла 17 моддаси татбиқ этилганида ҳам кўриш мумкин. Ахир, дунёда бу рекорд натижа, процессуал қораловда улкан инқилоб бўлса керак", дейишмоқда улар.

Санжар Умаров сал кам 11 йилга озодликдан маҳрум этилди

Бугун, 6 мартда жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зокиржон Исаев "Серқуёш Ўзбекистоним" каолициясининг лидери Санжар Умаровнинг 14, 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилингани, мазкур муддат амнистия актига кўра чорак қисмга қисқартирилиб, 10 йилу 9 ой муддатга туширилгани ҳақидаги ҳукмни ўқиди.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, Санжарга қўйилаётган айбловлар тўла исботланмаган, суд мажлислари бир томонлама олиб борилган.

Қорақалпоғистон Вазирлар маҳкамасига янги раҳбар сайланди

Бугун, 6 мартда Қорақалпогистон Жўкорги Кенгешининг навбатдан ташқари сессияси чақирилиб, унда ташкилий масала ҳам кўрилди. Шу пайтга қадар Вазирлар маҳкамаси раиси бўлиб ишлаб келган Турсунбой Тангрибергенов лавозимидан озод қилиниб, Қорақалпоғистон Молия вазири бўлиб ишлаб келаётган Баҳодир Янгибоев бу лавозимга лойиқ кўрилди.

"Правда Востока" газетаси "ишончли қўл"га ўтди

Бугун, 6 мартда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда Олий Мажлисининг расмий нашрларидан бири бўлган "Правда Востока" газетаси Бош муҳаррири Баҳтиёр Ҳасанов лавозимидан бўшатилиб, газета муҳаррирлиги "Халқ сўзи" ва "Народное слово" таҳририятларини жиловлаб турган Аббосхон Усмонов қўлига ўтказилди. Эндиликда Усмонов учала газетага раҳбарлик қилади.

Баҳтиёр Ҳасанов бошқа муҳаррирлардан фарқли ўлароқ ўз мустақил фикрига эга, журъатли муҳаррир эди, дейди мухбиримиз. У газетага муҳаррирлиги билан бир пайтда Россиянинг "Интерфакс" агентлиги мухбири сифатида фаолият юритган. Баҳтиёрнинг отаси Мадамин Ҳасанов эса, ўз вақтида узоқ йиллар Ўзбекистон савдо вазирлигини бошқарган, комфирқанинг нуфузли одамларидан бўлган.