06 June 2010
14:46 -
Париждаги митингда мусулмон ва яҳудийлар ёнма-ён юришди
Кеча Франциянинг пойтахти Парижда филистинликлар билан бирдамлигини намойиш этишни истаган минглаб одамлар кўчаларга чиқди. Табиий, намойиш қатнашчиларининг асосий қисми мусулмонлар эди. Аммо, кеча уларнинг қаторида французлар ва ҳатто яҳудийларнинг борлиги ахборот агентликларининг диққатини тортди. Масалан, Reuters агантлигининг хабарида айтилишича, намойишда “Франция яҳудийлари тинчлик учун” ташкилотининг энг камида 100 нафар аъзоси – Франция яҳудийси иштирок этган. “Ғазони блокада қилиш Исроил учун фойдаси бўлмаган акциядир”, дебди ўша яҳудийлардан бири Майкл Бонтемпс.
Намойиш қатнашчилари Исроил аскарларининг Ғазога инсоний ёрдам олиб кетаётган “Озодлик Флотилияси” кемаларига ҳужуми ва ўнга яқин ҳуқуқ ҳимоячисининг ўлдирилишини қоралашган. Уларнинг қўлида Филистин ва Туркия байроқлари ҳам бор эди.
Бу каби намойишлар Лондонда ва бошқа Европа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтгани дунё ахборот васиталарининг хабарларидан маълум. Жума куни Истанбулдаги намойишда 10 минг киши қатнашган.