01 June 2010
13:34 - Тоғли Қорабоғга Бокунинг рухсатисиз борганлар персона нон гратадир
Озорбайжон ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Элхон Полуховнинг Trend агентлигига билдиришича, ҳозир феълан Арманистон қўлида бўлган Тоғли Қорабоғни Бокунинг рухсатисиз зиёрат қилганлар персона нон грата деб ҳисобланада. Улар Озорбайжон ҳудудларида исталмаган кишилардир, уларга Озорбайжонга кириш учун келажакда ҳам виза берилмаслиги мумкин.

Маълумки, ўтган асрнинг 90-йиллари ўзини Озорбайжондан мустақил деб эълон қилган Тоғли Қорабоғда яқинда сайловлар бўлди ва сайловларни кузатишга келган Россия парламентининг 5 нафар депутати Озорбайжон тарафидан персона нон грата деб эълон қилинди. Давлат Думасининг раҳбари Борис Грызлов Озорбайжон ташқи ишлар вазирлигининг бундай қарорини қоралаганига эътироз билдирган Элхон Полухов “фақат руслар эмас, Тоғли Қорабоғга Бокунинг рухсатисиз борган ҳар қандай чет эл фуқароси Озорбайжонда персона нон грата деб эълон қилинади”, деган.

Тоғли Қорабоғнинг мустақиллиги дунёнинг ҳеч бир мамлакати тарафидан тан олинмагани сабабли, Озорбайжоннинг бундай қарори асосли эканлигини эътироф этиш лозим. Аслида, Озорбайжоннинг ҳудудий бутунлигини, Тоғли Қорабоғ унинг бир парчаси эканлигини тан олган ҳамма мамлакатлар бундай қарорни қўллаб-қувватлашлари керак.