01 June 2010
12:45 - Фарғонада 10 киши диний айбловлар билан қамалди, айблов қанчалик асосли эканлиги ҳуқуқ ҳимоячиларининг хабарида айтилмаган
Ҳуқуқ ҳимоячилари тарқатган хабарларга кўра, 31 май куни Жиноий ишлар бўйича Фарғона вилоят суди 10 кишини “нурчилар” номли исломий оқимга аъзоликда айблаб, уларнинг ҳар бирини 5-8 йилга озодликдан маҳрум қилган. Алишер Каримов, Суҳроб Зокиров ва яна саккиз кишига Жиноят Кодексининг “жамият хавфсизлигига таҳдид солувчи материаллар тайёрлаш ва уларни тарқатиш”, “диний экстремистик ташкилот тузиш” каби моддалари бўйича айб қўйилган.

Озодликдан маҳрум қилинганларнинг яқинларига кўра, қамалганларнинг ҳеч қандай айби йўқ, улар мусулмон бўлгани ва номоз ўқигани учунгина жазоланганлар.

Мавжуд режимни оқлаш ва қамалганларни қоралаш ниятидан узоқ бўлган ҳолда шуни таъкидлаш лозимки, дейди мухбиримиз, ҳуқуқ ҳимоячилари қамалганларни айбсиз эканлигини исботлашга қаратилган ҳеч қандай факт ёки аргументлар келтирмасликлари, уларга бўлган ишончни шубҳа остига қўяди.

Билиш керакки, нурчилар оқими бир қатор мамлакатларда экстремистик деб эълон қилинган. Фарғонада қамалган мусулмонлар ростдан ҳам нурчилар оқимига мансуб бўлса, бу ерда суднинг айби йўқ. Ҳуқуқ ҳимоячилари бу оқимни экстремистик деб эълон қилганларнинг айбини фош этишлари, мавжуд қонунларни ўзгартириш учун курашишлари лозим.

Агар қамалганлар бу оқимга аъзо бўлмаса, айблов қайси фактларга асосланганини аниқлаш муҳимдир. Воқеанинг айнан шу томонларини ўрганиш, тергов ва суднинг айбларини фош қилиш ҳуқуқ ҳимоячиларининг вазифасидир, агар улар ҳуқуқ ҳимоячиси бўлса, табиий. Акс ҳолда, ҳуқуқ ҳимоячилари ўз вазифаларини бажармасдан, оддий хабарчилик билан шуғулланишаётганини эътироф этишимиз лозим.

Минг афсуски, Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячиларининг аксарияти, “Эзгулик” фаолларидан ташқари, ҳуқуқ ҳимоячилиги билан эмас, хабарчилик билан шуғулланишади.

Хабарчилик ҳам муҳим, аммо фақат хабарчилик ҳуқуқ ҳимоячилиги бўлолмайди.