23 May 2010
14:39 - Барак Обама: янги халқаро тартиб лозим, ҳарбийлар ва дипломатия қўлма-қўл
Кеча АҚШнинг West Point Ҳарбий Академияси битирувчилари олдида нутқ сўзлаган президент Барак Обама кутилмаган янги гаплар гапирмади. Лекин, Жорж Бушнинг “ковбойча дипломатиясидан” фарқли бўлган йўлдан кетишини яна бир марта урғулади, дейилади АҚШ оммавий ахборот воситаларининг комментарийларида.

Обама жаҳон олдидаги муаммоаларни ҳал этиш учун дунё билан бирга ҳаракат қилиш, янги дунё тартибини ўрнатиш ҳақида гапирар экан, балки, ҳарбийларнинг олдида чиқиш қилаётгани сабаблидир, дипломатлар ҳарбийлар билан “қўлма-қўл” бўлишлари кераклигини таъкидлади.

Жорж Бушдан фарқли ўлароқ, “террорга қарши уруш”, “исломо-фашизм” ибораларини ишлатмаган жорийдаги АҚШ президенти, Ал-Қоида ислом қадриятларини йўқ қилаётганини урғулаб, ислом дунёси билан умумий тил топиш кераклиги маъносидаги аввалги фикрларини такрорлади. У Афғонистонда ҳали оғир кунлар бўлишини, аммо бу йил катта муваффақиятлар йили бўлиши, келаси йил АҚШ ва НАТО қўшинларини бу мамлакатдаг олиб чиқиш бошланишини яна бир марта айтди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили декабрь ойида айнан шу Академиядаги нутқида Барак Обама Афғонистонга қўшича 30 минглик қўшин юборишга қарор қилганини эълон қилган эди. У нутқининг шу маънода сенсацион бўлганлигини ҳисобга олсак, унинг кечаги нутқида жиддий янгилик йўқлигини айтиш лозим.