07 May 2010
12:50 - Латишлар “Йўқолсин руслар!” дея митинглар ўтказганининг сабаби ҳозир яққолроқ кўринди, Рига руслари “Йўқ бўлсин Дудаев!” дейишмоқда
Собиқ СССР таркибидаги ҳамма болтиқбўйи халқлари қайта қуриш йиллари “Йўқолсин руслар!” шиори остида митинглар ўтказишган. Ҳамма нарсани улардан нусҳа олиш истагидаги ўзбеклар ҳам айнан шундай йўлдан кетишлари аниқ эди. “Аммо, - дейди бу хусусда “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат, - мен болтиқбўйидаги аҳволни ва бизнинг улардан фарқимизни яхши билганим учун, бунга йўл бермадим. Ва бу билан фахрланаман.”

“Бирлик” лидери айтган Болтиқбўйидаги аҳвол шундан ибратки, бу ердаги уччала мамлакатда сўнгги ўн йилликларда миллий аҳолининг фоизи камайиб, русларники ортиб борарди. Демак, бу мамлакатлар мустақил бўлса ва демократик тузум ўрнатилса, руслар оддий овоз бериш йўли билан ҳокимликларни тўла ёки нисбатан сақлаб қолишлари маълум эди. Ва ҳозир шундай бўлмоқда ҳам.

Масалан, Латвияни олайлик. Сони 2,25 миллион бўлган умумий аҳолининг 59 фоизигина латишлар, 27,5 фоизи руслар. Пойтахтда аҳвол бундан ҳам нозик. Рига аҳолисининг 42 фоизи латишлар, 41 фоизи руслар. Москва бу мамлакатдаги русларни, керагида очиқча, керак бўлса, яширинча қўллаб-қувватлаши натижасида, ҳозир Рига шаҳар мэри - рус аслли Нил Ушаковдир.

Ҳозир Рига руслари ҳокимиятни қўлга олганларидан фойдаланиб, Россия манфаатлари учун хизмат қиладиган қарорлар чиқариш учун ҳаракат қилмоқдалар. Улардан биттаси – Ригадаги Жовҳар Дудаев проспектининг номини ўзгартириш.

1996 йил 21 апрелда Чеченистон президенти Жавҳар Дудаев руслар томонидан ўлдирилгандан кейин, Ригадаги Космонавтлар проспектига Жавҳар Дудаев номи берилганди. Москва бундан қанчалик ғазабга тушганини ҳамма тушунса керак.

Риганинг мэри Нил Ушаков Москванинг амри билан Жавҳар Дудаевнинг номини йўқ қилиш ҳаракатига тушган. Аммо, Латвия демократик давлат, ЕИ ва НАТОнинг аъзоси. Шу сабабли Жавҳар Дудаевнинг номи демократия принциплари доирасида, секин-аста, Рига аҳолисининг, яъни русларнинг “талаби” билан йўқ қилинади. Юқорида айтилганидек, аҳолининг салкам асосий қисми руслардир.

Айнан шундай бўлишини ўз вақтида тушуниб етган латишлар, СССР замонида ташқаридан кўчириб келинган руслардан қутулишни ўйлашган ва “Йўқолсин руслар!” шиори остида митинглар ўтказишган эди.