05 May 2010
14:04 - “Эзгулик” шикоятлар кўлами ортаётганидан ташвишда
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бугун тарқатган 15-сонли пресс-релизида мамлакатда давлат ҳокимияти органлари тизимидаги карахтлик ва фуқаролар мурожаатларининг амалда текширилмаёгани хусусида ёзади. Жамиятга келиб тушган бир қатор шикоятларни таҳлил қилиб, мамлакат ҳукуматининг фуқаролар мурожаати ҳақидаги қонун ва “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги Пактга амал қилмаётганини таъкидлайди. Хусусан, Тошкент шаҳар Юнусобод тумани 6-даҳа 18-уй 27-хонадонда яшовчи фуқаро Незия Люманованинг фриб қурбони бўлгани, у мурожаат қилган идоралар Ўзбекистон телевидениесида узоқ йиллар хизмат қилган, халқ артисти Диас Раҳматовнинг турмуш ўртоғи бўлган бу аёлга “Сизнинг шахсинингизни аниқлаш имконияти бўлмаяпти...” деган мазмундаги инсоний шаън ва қадр-қимматни таҳқирловчи жавоб хати йўллашгани тилга олинади.

Сирдарёлик Қундуз ая Абдуллажонова ўғли Баҳром эса шу йилнинг 15 мартида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан гиёдвандлик моддаларини (19,2 грамм опий моддаси) қонунга хилоф равишда сақлашда айбланиб, ноҳақ ҳисбга олинибди. Онаизорнинг ҳақли саволларига жавоб берадиган мард топилмаган. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи Раҳимхўжа Алимхўжаев мурожаатларига жавоб бермай ҳуқуқларини камситган Бош прокурори Рашитжон Қодировни судга берибди. Етти йилдан бери ҳоикмият оргналари эшигида сарғаяётган отахоннинг даъвоси 7 май куни фуқаролик ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида кўриларкан.

Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан қотиллик ва босқинчиликдек ўта қалтис айблов билан тергов қилинаётган Тошкент шаҳар спорт коллежи 8-синф ўқувчиси Пўлат Мўминов (1995 й.) ҳамда Тошкент Олимпия заҳиралари коллежи 8-синф ўқувчиси Даврон Бойқобиловларнинг жиноятга алоқаси йўқ экан. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан ноинсоний, шафқатсиз қийноқларга солиниб, зўраки иқрорликлар олинган бу ўспиринлар тақдири ҳақида ҳуқуқ ҳимоячиси Турсун Бек Тўразоданинг ёзмаган идораси қолмабди. Конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва радикал диний оқимларга мансубликда айбланиб, Жаслиқ лагерида жазо муддатини ўтаётган ўғли Миркарим Сеиткаримовнинг онаси Клара Алимова эса режим қамоқхонасидаги даҳшатли манзаралар ҳақида ҳикоя қилади.

Жамият ана шу каби ўнлаб мурожаатларни таҳлил қила туриб, мамлакат Парламенти, Конституциявий суди ҳамда Миллий хавфсизлик кенгашини бу борадаги вазиятга ойдинлик киритишга чақирган. Релизнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб сайтида — www.ezgulik.org