05 May 2010
13:28 - “Ҳаракат” хатқутисидан: Ўзбекистоннинг ичидаги душманлар - Зелимхон Ҳайдаров ва Х.Кимсанбоев
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ишлар бошқарувчиси З.Ҳайдаров ва Тошкент Давлат Аграр Университети ректори Х.Кимсанбоевларнинг “Мамлакат келажаги учун қилаётган” ҳаракатлари ҳақида.

Бу кимсалар университетда чуқур илдиз отган коррупциянинг асосчилари бўлиб, улар биргаликда бир нечта талабаларнинг ўлимини бости-бости қилиб юборишди. Бу ва бошқа қатор жиноий ишлар ҳақида университетнинг фидойи ходимлари бир неча марта Президентга ариза билан мурожаат қилишди. Лекин ушбу ёзган аризалари учун минг пушаймон бўлиб “Биз бундай аризалардан хабаримиз йўқ” дейишган, сабаби, уларга ҳар хил инсонлар ва ташкилотлардан тазйиқлар бўлган.

Албатта уларни ҳам оиласи, бола-чақаси бор. Шунинг учун битта йўл қолди, у ҳам бўлса интернет орқали мурожаат қилишдир. Балки шу йўл орқали мамлакатнинг айрим ватанпарвар фидойи инсонлари бунга барҳам берар, лекин бунга бизни кўзимиз етмаяпти. Чунки юқорида келтирган инсонлар учун барча эшиклар очиқ. Қонун уларни айланиб ўтади.

Ўзбекистон - аграр давлат. Мамлакат аҳолисининг 60 % ортиғи қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Аграр тармоқ мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғинидир. Аграр тармоқ ривожлансагина, мамлакатнинг иқтисоди кўтарилади. Бу дегани аҳолининг турмуш тарзи, ҳаёти янада юксалади. Лекин негадир бу соҳани ривожланиши суст кечмоқда. Бунинг асосий сабабларидан бири кадрлар масаласидир. Қишлоқ хўжалиги соҳасида кадрлар масаласига жиддий эътибор қаратилмаяпти. Эртага бу битираётган ёш кадрлар мамлакатни ривожлантириш ўрнига уни янада орқага тортиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

Биз бир неча маротаба ёзма ва оғзаки мурожаат қилдик. Интернет сайтларида ушбу долзарб муаммо бўйича мақолалар бердик. Ушбу мақолаларга тегишли ташкилотлардан Тошкент давлат аграр униветситетига текширувлар келди. Лекин бирортаси ҳам айб тополмади, сабаби университет ректори А.Ташкенбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқарувчиси З.Ҳайдаровнинг қудасидир. А.Ташкенбаев илгари Марказий Комитетда масъул лавозимларда ишлаган, Президент билан илгаридан яхши муносабатда. Вилоят ҳокими, вазир лавозимларида фаолият кўрсатган. Энг асосийси ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқарувчиси З.Ҳайдаровнинг қудаси. З.Ҳайдаровни республиканинг барча ташкилотлари раҳбарлари билади ва “ҳурмат қилади”, шунинг учун ҳам биз ёзган аризаларнинг мазмунида ушбу шахс бўлганлиги учун университет ректори Х.Кимсанбаевга ҳеч ким тега олмади. Барчасини қинғир йўллар билан ёпилди. Университетнинг фаолиятини деярли текширишди, қоғозда “чоралар” ҳам кўрилди.

Университетнинг молиявий фаолияти тўғрисида гапирсангиз оз. Қанча давлат бюджети маблағлари ўзлаштирилиб кетди. Талабалар ётоқхоналарини капитал таъмирига кетган маблағларни кўз олдингизга келтира олмайсиз.

Ноқонуний ўқишга кирган “талабалар” тўғрисида ҳам маълумот келтирган эдик, лекин натижа бўлмади. Улар ҳали ҳам ўқишни давом эттириб юрибдилар. Қанчаси келмайди ҳам, уларнинг ўрнига “зачетка” нинг ўзи айланиб чиқади.

Биз барча фактларни келтириб ёзган эдик. Қачонгача шундай қинғир ишлар Ўзбекистонда амалга ошаверади. Булар мамлакатнинг ичидан қулашига сабабчи “инсонлардан”. Уларни илдизи билан қуритиш лозим.

Маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик бор жойда ҳеч қандай ривожланиш бўлмайди. Оқибатида коррупция, қўштирноқ ичида демократия ривожланади.

Университетнинг бош бухгалтери ректорнинг қудаси Б.Зариповнинг жияни ҳисобланиб, барча молиявий ифлос ишларини шу инсон орқали қилади.

Ректорнинг ўғиллари, Ойбек Кимсанбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти Аппаратида ишлаганини ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қизи Г.Каримованинг шахсий ишларини бажариб юришини айтиб қўрқитади. Ҳеч қаерда тайинли ишламайдиган бу инсоннинг машинаси, юриш туришини кўрсангиз, албатта савол туғилади.

Ректорнинг яна бир ўғли Мухаммадали Кимсанбаев Ўзбекистон Республикаси Президенти девони Ишлар бошқарувчиси З.Ҳайдаровнинг ўғли билан божа эканлигини мақтаниб, айрим жойларда суистеъмол қилиб юрганини гувоҳи бўласиз.

Университетнинг маънавият ва маърифат ишлари бўйича проректори И.Хўжамуродовнинг ўғли Боходир 2005 йилда судланганлигига қарамасдан ижобий фаолият кўрсатмоқда. Ушбу шахснинг ректор билан доимий равишда олди бердиси мавжуд.

Университетнинг Миллий хавфсизлик хизматидаги куратори Хаёт Рахмонов ректор билан тил бириктириб университетда шундай ифлос ишларни амалга ошишида, носоғлом муҳитни пайдо бўлишида хизматлари катта. Табиий савол туғилади, нима учун ушбу шахс ректор билан бирга кайф сафо қилади, нега, нега ва яна нега? Ёки шунга мажбурми?

Ҳурматли Ўзбекистоннинг ватанпарвар инсонлари, илтимос, университетни қонун доирасида текширув ўтказишга, чора кўришга ёрдам беринглар

Носиров К.
Эргашев Р.
Шералиев Х.
Қўзиев Б. ва бошқалар