20 April 2010
06:15 - Аввал Нурчилар лидери, ҳозир ўз исмини олган ҳаракат раҳбари Фатҳулла Гулен атрофидаги кичкина тўпалон
Нурчилар ҳаракатининг лидери Фатхулла Гулен ўтган асрнинг охирида Туркиядан қочиб, АҚШга келиб ўрнашгани ҳақида аввал ҳам сайтимзда ёзилган эди. Масалан, 2007 йил 19 мартдаги хабарларимиздан қуйидаги парчани эслатамиз:

“Маълумки, 15 йил аввал эндигина мустақил бўлган Марказий Осиёдаги Турк жумҳуриятларида Туркиянинг бир қатор мактаблари очилганди. Аммо, кўпчилик билмасдики, уларнинг асосий қисми Туркия давлатиники эмас, Туркиядаги мустақил вақфларники (фондларники) эди, яна ҳам тўғрироғи Фатхуллачилар деб аталган норасмий жамоаники эди. Бу норасмий жамоанинг норасмий лидери Фатхулла Гулен Туркияда жуда катта мавқеага эга бўлиб, давлат раҳбарлари ҳам у билан ҳисоблашишарди. Туркиянинг дунёвий қарашли зиёлилари ҳам Фатхулла Гуленни нисбатан юмшоқ, тоқатли, прогрессив исломчилардан бири деб ҳисоблашган.

Кейинчалик Туркиянинг хавфсизлик хизмати (МИТ – Миллий Истиҳборат Ташкилоти) Фатхулла Гуленнинг энг яқин сафдошлари билан ўтказган яширин бир мажлисининг видеофильмини эълон қилди. Унда кўринишича, Фатхулла Гулен “Биз Тукиядаги жуда кучли дунёвий тузумни йиқитишимиз ва исломий давлат қуришимиз жуда мураккаб иш. Демак, биз ўта сабрли бўлишимиз керак. Бу тузумнинг пойдевори армия. Аввал унга ўз одамларимизни киритишимиз лозим ва уни қўлга олишимиз лозим” деган маънода гапирган. Фатхула Гуленнинг кучи шу даражада эдики, у видео эълон қилиниши ва ўзини қамоққа олиш ҳақидаги қарор чиқарилишидан бир кун аввал АҚШга даволаниш баҳонасида кетиб улгурганди. Ҳозиргача ўша ерда яшайди.”

Аввал Нурчилар ҳаракатининг лидери деб ҳисобланган Фатхулла Гуленнинг тарафдорлари ҳозир уни “Фатхулла Гулен ҳаракати”нинг лидери деб танитишади. 5 миллион тарафдори борлиги айтиладиган бу кишининг ўз тарафдорларидан оладиган моддий ёрдамининг беқиёс буюклиги айтилса-да, аниқ рақамлар берилмайди.

Шу кунларда Фатхулла Гуленнинг Пенсильвания штатидаги уйи атрофида кичкинароқ тўпалон бўлибди. Ҳамма нарса ўша ерларда яшайдиган собиқ ФБРчи, ҳозирда ўқитувчи бўлган кишининг ўз сайтида “Дунёнинг энг таҳликали исломчисини Афғонистон, Покистон, Судан ёки Сомалиядан қидирманг. У 30 миллардлик бойлиги билан ёнимизда яшаб, дунёда халифалик қуриш учун ҳаракат қилмоқда. У яшайдиган хўжаликда Калашников автоматларини ишлатиш бўйича ҳам таълим берилади, уни қуролланган 100 исломчи қўриқлайди” деб ёзибди.

Шундан кейин Фатхулла Гулен 11 йилдан бери ҳаммадан бекитиб келаётган уй ва хўжалигини маҳаллий бир газета журналистига очиишга мажбур бўлибди. Pocono Record газетаси тайёрлаган мақолага бир нечта расм ҳам қўшилган. Ўша расмлардан бирида хўжалик ичидаги Фатхулла Гулен яшайдиган уй олинган.

Газета мухбири ўқитувчининг иддаолари ҳақиқатга тўғри келмаслигини, “Олтин авлод ибодат ва дам олиш маркази” деб рўйхатга олинган бу хўжалик Фатхулла Гулен ва унинг бу ерга келиб-кетиб турадиган мухлислари яшайдиган уй ва баскетбол ҳамда футбол майдонларигача бор бўлган тахминан бир гектарлик жой эканини ёзиб, атрофдигиларни хотиржам қилибди.

Марказда ўз устозлари билан яшайдиган туркларнинг айтишича, 68 ёшли Фатхулла Гулен соғлигининг мазаси бўлмагани сабабли кунда 5 маҳал ўқиладиган намозга имомлик қилиш учунгина ҳамманинг олдига чиқади.