18 April 2010
08:28 - Исландия вулқонининг кули туфайли Польша президентини дафн этиш маросимига кўп давлат раҳбарлари келолмайди
Смоленск аэропортига қўниш пайтидаги ҳолокат қурбони бўлган Польша президенти Лех Качиньский ва турмуш ўртоғини дафн этиш маросими бугун бўлиши анча аввал эълон қилинганди. Исландияда вулқон отилишидан чиққан кул туфайли Европанинг шимолидаги аэропортлар бекилгач, Польша ҳукумати бу маросимни орқага сурмоқчи ҳам бўлди, аммо Качинскийнинг оиласи бунга қарши чиқди.

Вулқон кули туфайли аэропортларнинг бекитилиши натижасида бир қатор мамлакатларнинг раҳбарлари дафн этиш маросимига келолмасликларини билдирдилар. Аввалига 40 мамлакат ҳайъатининг келиши кутилаётган эди.

Кечагина АҚШ президенти бу маросимда қатнашиш учун 3,5 соатга бўлса ҳам АҚШдан келиб кетиши эълон қилинган бўлса, ҳозир Барак Обама ва унинг турмуш ўртоғи келолмаслиги маълум бўлди. Германия канцлери Ангела Меркел ва Жанубий Корея раҳбари ҳам шундай қарор қилишган. Украинанинг собиқ президенти Виктор Юшченко эса автомобилда Краковга қараб йўлга чиқибди.

Лех Качиньскийга яқинлиги билан билинган Гуржистон президенти Михаил Саакашвили ҳозир АҚШда. У ҳам маросимга келолмаса керак.

Кўпчиликни қизиқтирган савол – Россия президенти Дмитрий Медведев нима қилади? У йўлнинг бир қисмини учоқда, қолганини автомобилда ўтиб бўлса ҳам, маросимга етиб келишга ҳаракат қилса керак. Чунки, Польша президенти Россияда ҳалок бўлгани сабабли, дафн маросимида қатнашиш руслар учун ўта нозик масалага айланган.