18 April 2010
06:12 - Абдураҳим Пўлат: Қирғизистон учун ҳам бугунги йўл – парламент-президент жумҳуриятидир
Қирғизистондаги ноқонуний Вақтли ҳукумат раҳбарлари ўз мамлакатларини парламент жумҳурятига айлантириш ниятларини очиқча айтмоқдалар.

Мен улар бу масалани жиддий ўйлаб кўрганларига ишонмайман. Улар Боқиевдан аламзада бўлишгани учунгина, у эгаллаб турган президент лавозимини йўқ қилиш ёки президентликни рамзий лавозимга айлантириш орзуси ичидалар. Ҳамма нарсани Боқиевга бўлган душманлик ҳисси асосида белгилаш хатодир.

Мен “Ҳаракат” журналининг 2005 йил 4(55) сонида эълон қилинган “Ўзбекистон мухолифатининг бугунги кучи, мақсади ва вазифалари” номли мақоламда ўзбек демократик мухолифати парламент-президент жумҳурияти қуриш йўлидан бориши кераклигини асослашга ҳаракат қилганман. Ҳозир ҳам шу фикрдаман ва ишонаманки, “Бирлик” Партияси кейинги қурултойларида бу тезисни ўз Дастурига ҳам киритади. Дастуримизнинг ҳозирги вариантида бу масалага ортиқча эътибор берилмаган, қонунчилик, ижроия ва суд ҳокимятлари бир-биридан мустақил бўлган демократик давлат яратиш ғояси умумий шаклда эътироф этилган.

Бу масла билан қизиққанларни ўша мақолам билан танишишга чақирар эканман, бугун Қирғизистон ҳам шу йўлдан, яъни парламент-президентлик давлати қуриш йўлидан бориши - ҳам қирғизларнинг, ҳам бутун Марказий Осиёнинг келажаги нуқтаи назаридан - муҳим эканлигини айтмоқчиман. Кучли партиялар яратилмасидан туриб парламент давлати қуриш анархия томон, президент давлати қуриш диктатура томон юришдир.

Ўйлайманки, бу масала Қирғизистонда кенг муҳокама қилинади, парламент-президентлик давлати яратиш йўли танланади, Вақтли ҳукумат яккаҳокимлигидан фойдаланиб, ўз тезисини миллатга зўрлаб тиқиштирмайди.