06 March 2010
02:10 - Бош вазир Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда, лекин бу ҳақда расмий хабар йўқ
Бугун Сурхондарё вилоятининг Шўрчи, Жарқўрғон, Қумқўрғон, Шеробод ва Денов туманларини кўздан кечириш учун келган мамлакат Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи муносабати билан хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, киракаш машиналарнинг кўчада юриши таъқиқланди. Бу ҳақда мухбирларимизга маълум қилган маҳаллий журналистлар вилоятда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг боришини кўриш учун келган ҳукумат раҳбаридан энг кўп жабр кўрганлар мактаб ўқувчилари бўлганини айтишмоқда. Улар икки кун давомида ёғаётган ёмғирга қарамай катта йўл ёқалари, ҳукумат раҳбари кўзи тушиши мумкин бўлган жойларни тозалашган.

Айни соатларда ҳукумат раҳбари Шавкат Мирззиёев вилоят маркази Термизда мажлис ўтказмоқда. Бир қанча ташкилий масалалар кўрилиши кўзда тутилган. Айрим туман ҳокимлари, миршаббошилар, прокурорларнинг курсиси бўшаб қолиши айтилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда ҳукумат раҳбари ва ҳукуматнинг бошқа аъзоларининг фаолияти оммавий ахборот воситаларида мутлақо ёритилмайди, уларнинг исмлари хабарларда тилга олинмайди ҳисоб. Бу Ислом Каримнинг шахсий буйруғи асосида бўлмоқда, дейишади маҳаллий журналистлар. Мақсад – Ўзбекистонда унинг ўзидан бошқа раҳбар йўқ деб кўрсатиш.