06 March 2010
00:03 - Тошкентда ҳуқуқ ҳимоячиларининг Эксперт Ишчи Гуруҳи конференция ўтказди
Кеча, 4 мартда Тошкентда Эксперт Ишчи Гуруҳи томонидан "Ўзбекистон жиноят судлов тизимидаги ислоҳотлар" номли конференция ўтказилди. Гуруҳ аъзолари, адвокатлар, таҳлилчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари, шунингдек, АҚШ, Германия, Франция, Чехия, Италия сингари дипломатик корпус ваколатхоналари вакиллари, ҳаммаси бўлиб 25 киши, иштирок этган конференцияда мамлакат суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан муҳокама қилинди. Қонунчилик, суд-ҳуқуқ тизимидаги кейинги ислоҳотлар истиқболи муҳокама этилди.

Конференция кун тартибидаги масалалар юзасидан гуруҳ координатори Суҳроб Исмоилов иштирокчиларга тушунтириш бериб, гуруҳнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, миллий институтлар ва мамлакатдаги нодавлат-ноҳукумат ташкилотлар билан ахборотлар алмашиш, ҳуқуқий ҳамкорлик олиб боришга ҳаракат қилаётганини билдирди. Суд-ҳуқуқ тизимидаги сўнгги ислоҳотлар борасида сўзлаган назариётчи ҳуқуқшунослар қонунчиликка киритилаётган ижобий ўзгартиришлар, миллий қонунчиликнинг жаҳон стандартларига яқинлаштирилаётган бир пайтда соҳада етарлича муаммолар мавжудлигини қайд этди.

ГБР (Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳи) таҳлилчиси Воҳид Каримов судлов тизимида суд тиббий экспертиза мустақиллиги ҳамда унинг ҳуқуқий асосларига тўхталган, Суҳроб Исмоилов дастлабки тергов ва суриштирувлар жараёнидаги қийноқлар, қамоққа олиш ва процессуал терговнинг халқаро меъёрларга нечоғли мослиги ҳақида гапирди. Гуруҳнинг журналист-экспертлари Ҳусниддин Қутбиддинов ҳамда Абдураҳмон Ташанов қийноқлар мавзуининг оммавий ахборот воситаларида ёритилиши масаласига тўхталди.

Эксперт Ишчи Гуруҳи томонидан конференциянинг мантиқий давоми бўлган яна бир анжуман шу ойининг сўнгида Тошкентда ўтказилиши мўлжалланган. Мазкур конференция одам савдоси ва миграция масалаларига бағишланади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ишчи гуруҳ ўтган йилнинг май ойида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти, Тезкор Аксилтаъсир Гуруҳ ва яна бир қатор ташкилотларнинг вакиллари томонидан тузилган.