26 February 2010
02:37 - Татар миллатчилигининг бувиси Файзия Байрамова озодликдан шартли маҳрум этилиши ва Абдураҳим Пўлатнинг шарҳи
Татаристоннинг Наберажние Челни шаҳар суди бошқаларга нисбатан ошкора нафрат ёки душманлик туйғуси ўйғотиш айби билан Файзия Байрамовани бир йил шартли озодликдан маҳрум қилди, дейилади рус хабар агентликлари тарқатган хабарда.

Маълум бўлишича, Файзия Байрамова 2008 йил 20 декабрда Набережние Челни шаҳрида Татар Халқининг Миллий Мажлиси номли жамоат ташкилотининг йиғилишига бошчилик қилиб, бу ташкилот номидан дунё жамоатчилигига мурожаат уюштирган ва Татаристоннинг 1991 йил 30 августда эълон қилинган суверенитетини тан олишга чақирган. Юрт ташқарисида яшайдиган татарларга ҳам Татаристоннинг мутақиллигини тан олдириш мақсадида кампания юритиш хусусида мурожаат қилинган.

Мен Файзия Байрамовани 1990 йилдан бери танийман, дейди “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат. Ўша йили сентябрь ойида Москвада Кремлнинг яқинидаги Политехника Музейи залида Шарқ Халқлари Ассамблеяси тузган эдик. Ўша пайтдаёқ Файзия Татар миллий ҳаракатининг етакчиларидан бири эди. Ҳозирги хабарлардан ўрганишимча, у энди 59 ёшга кирибди. Набиралари ҳам бўлса керакки, уни буви деб ҳам аташибди.

Ўша Шарқ Халқлари Ассамблеясида мен, Ўлжас Сулаймонов, қозоғистонлик демократ, депутат сифатидаги Ўлжас Сулаймоновнинг ёрдамчиси Олмас Эстеков, Марат Мулюков (Татаристон ижтимоий маркази раиси, ҳозир мархум) ва яна бир неча кишидан иборат раисдошлар сайланган. Кейинчалик бу ташкилот Турк Халқлари Ассамблеясига айлантирилди. Бу воқеалар билан қизиққанлар “Ҳаракат” журналида эълон қилинган “Турк халқлари ассамблеяси: Қурилишидан 4- қурултойгача” номли мақолам билан танишишлари мумкин (“Ҳаракат”, № 3 (10), 1977 йил). Бу журналнинг ҳамма сони сайтимизда бор.

Файзия Байрамованинг шартли бўлса ҳам озодликдан маҳрум қилинганини эшитиб, табиий, таъсирландим. Аммо, унинг ҳали ҳам курашда эканлигини ўрганиб, мамнун бўлдим. У билан алоқа ўрнатиб, далда беришга ҳаракат қиламан.