26 February 2010
00:17 - Анқарада Президент, Бош вазир ва Бош штаб бошлиғининг учрашуви тугади, аммо диний ва дунёвий давлатчилик масаласидаги кураш битмади
Бугун эрталаб Туркия Президенти Абдуллоҳ Гулнинг қарогоҳида - Президент, Бош вазир ва Қуролли кучлар Бош штабининг бошлиғи иштирокидаги - учлик учрашуви уч соaт давом этди ва Тошкент вақти билан кечга яқин битди. (Расмда: Президент Бош вазир билан кўришмоқда, орқада Бош штаб бошлиғи)

Учрашувдан кейин қисқа расмий хабар тарқатилди. Хабар муҳим бўлгани учун уни баёнот деб қабул қилиш ҳам мумкин. Хабарда учлик учрашуви бўлгани, охирги кунларда баҳсларга сабаб бўлган воқеалар тафсилотлари билан тилга олингани айтилади, ватандошларни кун тартибидаги ҳамма масалалар конституция ва қонунлар доирасида ҳал этилишига амин бўлишга, ҳаммани маъсулиятли қадамлар қўйишга чақирилади.

Бу ўта расмий хабарда ҳеч қандай янгилик йўқдек кўринса ҳам, Туркия матбуотида бу уч расмийнинг бир орага келиб, бор муаммоларни маҳокама қилгани ҳам катта ютуқ сифатида кўрилмоқда.

Бўлиб ўтган учрашув диний ва дунёвий давлатчилик тарафдорлари ўртасида вақтингча тинчлик ўрнатиши мумкин. Аммо, Ислом дини расман дунёвий давлатчилик тамойилларини қабул қилмагунча, мусулмон давлатларида, Туркиядаги каби, ички кураш битмайди. Кураш - Исломда ислоҳотлар қилиниб, Қуръон янгидан, Оллоҳ яратган дунёга оид янги билимларимиз, яъни Оллоҳнинг яратганлари нуқтаи назаридан тафсир этилмагунча - давом этаверади. Қуръоннинг бугунги тафсири - дунёда Қуръондан бошқа нарса йўқ деган нуқтаи назардан келиб чиқиб қилинган, Оллоҳ яратган дунё ҳам, билим етарсизлигини бекитиш учун, четга суриб қўйилган.